TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг БМТ билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди  
Жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳамда Омбудсман Котибияти мудири Саидбек Азимовлар БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари масъул раҳбарлари: БМТ Тараққиёт дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги вакили Матилда Димовска, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Маммадзаде, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг (UNODC) раҳбари Ашита Миттал, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳодими (UNFPA) Камолҳон Иномҳоджаев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги вакили (OHCHR) Гулжаҳон Аманова, БМТнинг ОИВ/ОИТСга қарши қўшма дастурининг (UNAIDS) мамлакат миқёсидаги менежери Чарос Максудовалар билан учрашишди.

Маълумки, мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани давлатимиз зиммасига юклатилган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир. Шу нуқтаи назардан мазкур учрашув, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, шунингдек БМТнинг Ўзбекистондаги агентликлари билан 2021-2022 йилларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш баробарида биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар юзасидан келишиб олиш ҳамда аниқ чора-тадбирларни белгилаш мақсадида ташкил этилди.

Дастлаб, Омбудсман Феруза Эшматова Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди.

У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаганликлари, мазкур вазифа Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳамда 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам акс этганига эътибор қаратди.

БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хелена Фрейзер дастлаб, Омбудсман институтига “Б” мақоми берилгани билан табриклаб, ушбу муваффақиятлар давомли бўлиши учун, энди “А” статуси учун ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади ва бу борада Омбудсманга яқин кўмакдош бўлишлигини билдирди.

Бу йил Ўзбекистон учун инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги муҳим йил. Чунки, давлатингиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашда 2021 йил тўлақонли аъзо сифатида иш олиб боради. Ўзбекистон Президентининг Парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳам таъкидланган қийноқларга барҳам бериш бўйича факультатив протоколнинг ратификация қилиниши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича конвенциянинг ратификация қилиниши бизни жуда қувонтирди. Шунингдек, бу йилда Ўзбекистонга қийноқларга барҳам бериш бўйича олий вакил ҳам келади.

Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастурининг (UNDP) Ўзбекистондаги вакили Матилда Димовска, ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги вакили Мунир Маммадзаде, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг (UNODC) раҳбари Ашита Миттал, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ҳодими (UNFPA) Камолҳон Иномҳоджаев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Ўзбекистондаги вакили (OHCHR) Гулжаҳон Аманова, БМТнинг ОИВ/ОИТСга қарши қўшма дастурининг (UNAIDS) мамлакат миқёсидаги менежери Чарос Максудовалар ҳам Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги доирасида 2021-2022 йилларда биргаликда амалга оширилиши назарда тутилган режалар ва тадбирлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Учрашув якунларига кўра томонлар ўртасида муносабатларни мустаҳкамлаш ва яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари

бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати