Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Савол-жавоб
png

Жавоб:      Ўзбекистон Республикасининг “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддасига кўра,  вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга. Вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир кишининг ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.

Шунингдек, юқоридаги Қонуннинг 11-моддасига кўра, вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил давомида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Вакил томонидан тикланиши мумкин.

Жавоб:      Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига кўра, ариза ёки шикоят масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

Жавоб:      Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига кўра, қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

мазкур Қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

Мурожаатлар кўрмай қолдирилганда тегишли хулоса тузилади, у давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари ёки уларнинг ваколат берилган мансабдор шахси томонидан тасдиқланади. Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли мурожаатлар кўрмай қолдирилганлиги тўғрисида мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилинади.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролиги тўғрисида”ги  Қонунининг 18–22-моддаларига мувофиқ,  Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш: умумий тартибда; соддалаштирилган тартибда; алоҳида тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг умумий тартиби чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:

а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;

б) фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;

в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;

д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг «б» бандида назарда тутилган шарт Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз уч йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда, агар фуқаролиги бўлмаган шахс бир йил ичида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жами бир юз саксон уч кундан ортиқ бўлмаган муддатга чиққан бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшалган муддат узлуксиз деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;

б) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;

в) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;

г) давлат тилини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.

Ушбу модда биринчи қисмининг «а» бандида назарда тутилган шарт илм-фан ва илмий фаолият, техника, маданият ҳамда спорт соҳасида катта ютуқларга эга бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси учун манфаатли касбга ёхуд малакага эга бўлган ватандошга ва (ёки) унинг оила аъзоларига нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссияси материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган шахсларга бериш мақсадга мувофиқлилиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади. Қабул қилинган қарор асосида шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш тўғрисида кафолат хати берилади, агар ушбу шахс фуқароси бўлган давлат фуқаролигидан чиқадиган бўлса. Кафолат хатининг амал қилиш муддати бир йил. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари комиссиясининг қарорига биноан кафолат хатининг амал қилиш муддати яна бир йилга узайтирилиши мумкин. Кафолат хати ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси томонидан ариза берувчига ёки унинг қонуний вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ ариза берувчи чет давлат фуқаролигидан чиққанлиги ҳақида ҳужжат тақдим этганидан кейин амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий манфаатлардан келиб чиқиб, чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ушбу Қонуннинг 19 ва 20-моддалари талаблари қўлланилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкин.

Агар илгари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг фуқаролиги ушбу Қонун 25-моддаси биринчи қисмининг «а» ва «г» бандларига мувофиқ йўқотилган бўлмаса, у Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Илтимосномада Ўзбекистон Республикаси фуқаролигининг тугатилиш сабаблари кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ушбу Қонуннинг 19, 37 ва 38-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бир мартадан ортиқ тиклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 99-100-моддаларига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.

Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

Ота-она вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартдир.Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 105-моддаасига кўра, алимент тўлаётган ота-онанинг бошқа вояга етмаган болалари бўлиб, ундан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундирилганда ўша болалар алимент олаётган болаларга нисбатан моддий жиҳатдан камроқ таъминланиб қоладиган бўлса, шунингдек алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий жиҳатдан қийналиб келаётган бўлса ёки алимент олаётган шахс мустақил даромадга эга бўлган тақдирда, алимент миқдори суд томонидан камайтирилиши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлса, суд алимент тўлаётган ота ёки онанинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириш ёки уни алимент тўлашдан озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Алимент миқдорини камайтириш ёки уни тўлашдан озод қилиш учун асос бўлган ҳолатлар тугаганда манфаатдор тараф алимент қонунда белгиланган миқдорда ундирилишини талаб қилиб, судга мурожаат этишга ҳақли.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексининг
27-28-моддаларига кўра,  ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим, берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, бу фарқ уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан беш йил ичида мулкдор томонидан компенсация қилиниши лозим.

Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади. Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига уч йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйларнинг (квартираларнинг), иморатларнинг, иншоотларнинг ва кўчириб ташланган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқлар тўлиқ ҳажмда қопланади.

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 100-102-моддаларига кўра номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ҳам, муддати тугагунга қадар муддатли меҳнат шартномасини ҳам иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш асосли бўлиши шарт.

Қуйидаги сабаблардан бирининг мавжудлиги меҳнат шартномасини бекор қилишнинг асосли эканлигини билдиради:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги. Аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида ходим томонидан такроран интизомга хилоф ножўя ҳаракат содир қилиниши меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиш ҳисобланади;

4) ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати:

ички меҳнат тартиби қоидалари;

корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;

айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар билан белгиланади.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади;

5) ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши муносабати билан, шунингдек меҳнат шартларига кўра ўриндошлик иши чекланиши сабабли ўриндошлар билан меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги;

6) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги. Мазкур асос бўйича меҳнат шартномасини корхона мулк қилиб олинган кундан бошлаб уч ой мобайнида бекор қилишга йўл қўйилади. Ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган вақти, узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлари бу муддатга киритилмайди;

7) ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлганда.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно.

Башарти жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликни олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди. Меҳнат шартномаси: корхона тугатилиши муносабати билан; корхона раҳбари билан тузилган шартномани ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослардан бирига кўра; ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 6-бандига кўра иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинган тақдирда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг розилигини олиш талаб этилмайди.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:

1) меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди), шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда (100-модда иккинчи қисмининг 7-банди) бекор қилинганда камида икки ой олдин;

2) меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда (100-модда иккинчи қисмининг 2-банди) камида икки ҳафта олдин.

Жавоб: Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан амалга оширалади.

Жавоб: Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги 195-сон “Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори билан тартибга солинади.

Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг 36-моддасига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдамнинг қуйидаги турлари кўрсатилади:

пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);

реабилитация қилишнинг техник воситалари, сурдотехника, тифлотехника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия мосламалари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтирувчи аппаратлар ва сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдотаржимали видеоматериаллар, шунингдек автомобиллар билан таъминлаш;

тиббий, ижтимоий, касбий, жисмоний реабилитация қилиш бўйича хизматлар ва маиший хизматлар;

транспорт хизматлари;

дори воситалари билан таъминлаш.

Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими органлари, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг хулосалари асосида кўрсатилади. Ногиронлиги бўлган, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қобилиятини қисман ёки тўлиқ йўқотган ва ўзгаларнинг доимий парваришига муҳтож бўлган шахсларга уларнинг уйида ҳамда ваколатли давлат органларининг ихтисослаштирилган стационар муассасаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизматлар кўрсатилади. Бу муассасаларда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан бир қаторда ҳаёт фаолияти учун тегишли шарт-шароитлар таъминланади, тиббий хизматлар кўрсатилади, шунингдек меҳнат фаолияти ва дам олиш ташкил этилади.

Иш берувчининг айби билан меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган ногиронлиги бўлган шахслар тиббий кўрсатмаларга биноан иш берувчининг (ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар) маблағлари ҳисобидан реабилитация қилишнинг техник ва махсус транспорт воситалари билан таъминланади. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронлиги бўлган шахсларга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ижтимоий кафолатлар белгилаш ҳуқуқига эга. Ногиронлиги бўлган шахслар санаторий-курортда бепул соғломлаштириш, шунингдек дори воситалари, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш учун мўлжалланган тиббий буюмлар ва ногиронлиги бўлган болалар учун махсус шифобахш озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги
ПФ–5439-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида афв этишни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, афв этиш маҳкумни жазодан тўлиқ ёки қисман озод этадиган ёки суд томонидан тайинланган жазони бошқа енгилроқ жазо билан алмаштирадиган ёхуд судланганликни олиб ташлайдиган инсонпарварлик акти ҳисобланади.

Афв этиш муайян маҳкумга нисбатан индивидуал тартибда амалга оширилади ҳамда уни оқлайдиган ва у томонидан жиноят содир этганлик фактини бартараф қиладиган ҳолат ҳисобланмайди. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонини қабул қилиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз ихтиёрига кўра исталган маҳкумни ёки жазони ўтаб бўлган шахсни афв этиши мумкин. Афв этиш Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Афв этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан тўлиқ ёки қисман озод қилиш;

жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш;

умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштириш;

судланганликни олиб ташлаш.

image Саволингизга жавоб топмадингизми?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) расмий сайтининг электрон шаклдаги аризаларни қабул қилиш учун мўлжалланган интернет қабулхонаси