Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари билан биргаликда Навоий вилоятидаги қатор жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифи амалга оширилди.
Шу жумладан, 11-сон жазони ижро этиш муассасасига ҳам мониторинг ташрифи амалга оширилиб, шу ерда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг шарт-шароитлари, ётоқ, овқатланиш, тиббий ёрдам олиш ва меҳнат қилиш жойлари, санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан белгиланган тартибда таъминланаётганлиги ҳолатлари ўрганилган.
Хусусан, маҳкумларни цехларда ишлаш жараёни, тушлик ва кечки овқат пайтидаги шароитлари ҳам ўрганилди. Шунингдек, маҳкумларни тор доирадаги шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни ҳам кўздан кечирилди.
Мониторинг ташрифи давомида учрашиш ҳақида мурожаат қилган барча маҳкумларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилиб, улар билан Омбудсман томонидан ҳоли тарзда учрашувлар ташкил этилди ва мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмади. Суҳбатлар чоғида маҳкумлар томонидан шикоят билдирилмаган.
Омбудсман жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини фақат расмий манбаларга таянишга, текширилмаган маълумотларга ишонмасликка чақиради.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати