Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тиббиёт ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини бузган масъулларга нисбатан чоралар кўрилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Девони томонидан Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида фаолият юритувчи бир гуруҳ ходимларнинг иш ҳақи тўлиқ тўланмагани бўйича мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мурожаатда 2025 йил январь ойи учун иш ҳақи кам тўлангани қайд этилган. Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакилининг сўрови асосида Зарбдор туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими давлат меҳнат инспектори томонидан ўтказилган ўрганишда, ушбу ҳолат тасдиқланди. Хусусан, реанимация бўлимида соғлиқ учун зарарли омиллар шароитида ишлаган ходимларга устама пуллари ўз вақтида ҳисобланмагани аниқланди.

Шунингдек, туғруқхона бўлимида фаолият юритган бир нечта доя ва ҳамшираларнинг ҳам қўшимча устама пуллари ҳисоб бўлими эътиборсизлиги туфайли тўланмагани маълум бўлди. Бундан ташқари, жонлантириш бўлими навбатчи ҳамширасининг меҳнат таътили даврида тўланиши лозим бўлган иш кунлари учун ҳақ тўланмагани ҳам аниқланди.

Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳамда тиббиёт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини белгиловчи норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилмагани маълум қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман томонидан Жиззах вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда Жиззах вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларига тегишли тақдимномалар киритилди.

Натижада, ходимларга тўланиши керак бўлган маблағлар тўлаб берилди. Зарбдор туман тиббиёт бирлашмаси ҳисобчисига “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланилди, бош врачига эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси биринчи қисмига асосан асосан БҲМнинг 6 баробарида (2.250.000) сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати