Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанднинг чекка ҳудудларида яшовчи фуқаролар мурожаатлари ўрганилмоқда
Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларида ўтказилаётган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбирлар марказдан 150 км узоқликда жойлашган “Жонбулоқ” МФЙ ҳамда пойтахтдан 25 км олисда бўлган “Ногаҳон” ҳамда Қўшработ тумани аҳолиси учун ташкил этилди.

Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари иштирокчиларни фуқаролар бандлигини таъминлаш, мобил хизматлардан фойдаланиш, имтиёзли кредитлар олиш, контракт шартномаси асосида ўқиётган талабалар учун 12% лик даромад солиғини қайтариб олиш тартиблари, пенсия таъминотини ташкил этиш бўйича белгиланган қонун ҳужжатларининг мазмуни билан таништиришди.

Лойиҳа доирасида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар қабули ўтказилиб, иккала ҳудуддан 70 нафар фуқаро мурожаатлари қабул қилинди. Аҳоли томонидан коммунал соҳа, ички йўллар, уй-жой, бўш иш ўринлари, субсидиялар ажратиш, пенсия таъминоти, кам таъминланган оила фарзандларига нафақа олиш, контракт тўлови бўйича имтиёзлар билан боғлиқ масалалар кўтарилди. 

Шу билан бирга, Вилоят бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлар ярмаркаси ташкил этилди ҳамда Адлия бошқармасининг давлат хизматлари маркази вакиллари томонидан 100 нафардан ортиқ фуқароларга мобил хизматлар кўрсатилди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда фуқаролар учун тор доирадаги 14 нафар мутахассислар жалб этилган ҳолда 1000 нафарга яқин фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижалари бўйича 119 нафар фуқарони туман ва вилоят даражасида соғломлаштириш режаси белгилаб олинди. Бундан ташқари ижтимоий ёрдамга муҳтож 10 нафар фуқарога бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланди.

Тиббий кўрик доирасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан аҳолига 158 турдаги 625 дона дори-дармон воситалари ва шифокор хулосаси асосида 38 дона кўзойнаклар бепул равишда берилди.

Тадбирга Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Вилояти бошқармаси ҳам жалб этилиб, 10 нафар “Аёллар дафтари”да турган фуқароларга Хоразм вилоятига май ойи учун 3 кунлик бепул саёҳат учун сертификатлар ҳамда 16 нафар ногиронлиги бор фуқароларга 5 та ногиронлик аравачаси, 4 та ҳасса, қўлтиқтаёқ вa 1 та қулоқ учун овоз кучайтиргич мосламалари берилди.

Эслатиб ўтамиз, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда республикамизнинг чекка ҳудудларида жойлашган маҳаллалар кесимида ўтказилиб келинмоқда. Мазкур тадбирлар ҳокимлик ва вилоятдаги 10 дан зиёд давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилиб, ҳудудларда ташкил этилган еттилик гуруҳлари томонидан маҳалладаги муаммолар олдиндан ўрганилади. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари