Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман фаолияти натижадорлиги 2021 йилга нисбатан 2,5 баробарга ошган
2023 йилнинг 7 апрель куни Сенат ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.

Таъкидланишича, 2022 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслардан, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячиларидан (адвокатлардан) жами 17761 та мурожаат келиб тушиб, 2021 йилга нисбатан 977 тага ёки 5,2 фоизга камайган.

Мурожаатларнинг 95 таси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ аноним деб топилган бўлса-да, лекин уларда кўтарилган муаммоли масалалар таҳлилларда ўз аксини топди.

Омбудсманга юборилган такрорий мурожаатлар сонини кескин камайтириш бўйича кўрилган чоралар натижасида такрорий мурожаатларнинг сони 2022 йилда 2021 йига нисбатан 734 тага ёки 15,8 фоизга камайди.

Фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё (2297 та), Тошкент шаҳри (2079 та), Сурхондарё (1582 та) ва Тошкент вилоятидан (947 та), энг кам мурожаатлар эса Сирдарё (267 та), Қорақалпоғистон Республикаси (292 та) ва Андижон вилоятидан (388 та) келиб тушди.

Мурожаатлар туман ва шаҳарлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилоятининг Косон тумани (600 та) ва Қарши шаҳридан (414), Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан (370 та) келиб тушган.

Келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинганда, мурожаатларнинг 31,4 фоизи ижтимоий ҳуқуқлар, 27,7 фоизи мурожаат этиш ҳуқуқи ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 24,2 фоизи иқтисодий ҳуқуқлар йўналишида бўлди. 

2022 йилда Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиб, уларнинг 20 таси хулоса, 36 таси тақдимнома ҳамда 78 таси даъво аризаларни ташкил қилди. Киритилган таъсир чораларининг 73,1 фоизи ижобий хал этилди.

Омбудсман сўровига асосан ваколатли давлат органлари масъул ходимлари ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 3 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 22 нафар масъулга “хайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган, 6 нафар масъулга ўртача ойлик иш ҳақининг 30,0 фоизи миқдорида “жарима” интизомий жазоси қўлланилган, 3 нафар масъул ходим ўз ишига совуққонлик билан ёндашганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 3 нафар масъул ходимлари ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган, 1 нафарига қаттиқ огоҳлантириш берилган.

2022 йилда фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириши белгиланган маблағлар 2 млрд. 372 млн.сўмни ташкил этди. Шундан, 45,4 млн.сўмдан ортиқ алимент тўловлари, 505,9 млн. сўми фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлардир.

Шунингдек, 13 нафар фуқаро ишга тикланди, 4 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 14 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик факти белгиланди. 7 нафар фуқарога пенсия ҳисоблашда инобатга олинмаган стаж қайта ҳисоблаб чиқилиши белгиланган, 11 нафар фуқаронинг ўлим факти белгиланди. Мурувват уйларида яшовчи 27 нафар шахсларнинг туғилганлик факти белгиланди ва ҳужжатлари расмийлаштирилишида кўмаклашилди.

2022 йилда Омбудсман номига жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан турли масалаларда 3235 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1699 таси ёки 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилда 177 маротабани ташкил этган.

Шунингдек, Омбудсманга маҳкум ва маҳбуслардан келиб тушган шикоят ва аризалар ўрганиб чиқилиши натижасида прокуратура идоралари томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та қарор бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланди. 21 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди, 13 нафар айбланувчига нисбатан танланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилди. 17 нафар маҳкумнинг (маҳбуснинг) оила аъзоларига моддий ва ижтимоий кўмак берилди. 21 нафар маҳкум инсонпарварлик тамойили асосида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилди.

Шунингдек, 9 та шикоят юзасидан 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 та шикоят юзасидан 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, шунингдек прокуратура идоралари томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, 3 нафар маҳкумга қўлланилган интизомий таъсир чораси ноқонуний деб топилган ва бекор қилинган.

2 та шикоят юзасидан прокуратура органлари томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ички ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимларининг 2 нафар ходимларига нисбатан Жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Омбудсманнинг миллий комиссиялардаги фаолияти, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, айниқса, Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия фаолиятидаги иштироки кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Мажлисда Омбудсманга энг кўп мурожаат йўлланган ҳудудлардаги муаммоларни таҳлил қилган ҳолда такрорий мурожаатларни камайтириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан қонунда белгиланган таъсир чораларидан кенг фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш йўналишида хисобот йилида “Омбудсман мактаби” лойиҳасини ташкил этиб, унда аҳолимиз Омбудсманга йўллаган мурожаатларга асосан сайёр тадбирлар ўтказди.

Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг 25 та туман ва шаҳарларидаги 128 та маҳалла фуқаролар йиғинларида тадбирлар ўтказилиб, уларда 4620 нафар маҳалла фуқаролари жалб қилинди. 

Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида тарғибот тадбирларини янада кучайтириш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда мониторинг тадбирлари натижадорлигига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати