Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) нинг халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолияти ҳақида брифинг
Қайд этиш лозимки, Омбудсман институти 1995 йилда МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб жорий этилган. Мазкур институт ҳозирда Халқаро Омбудсман институти, Европа Омбудсманлари институти, Осиё Омбудсманлари Ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар Ассоциацияси ва Евроосиё Омбудсманлари Альянси каби халқаро ташкилотларнинг тўла қонли аъзоси ҳисобланади.

Қолаверса, 2020 йилда Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси томонидан Омбудсман Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилиб, унга 2021 йилдан “В” мақоми берилган.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Вакил фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Ушбу фаолият халқаро конвенция ва шартномалар ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳисоботига муқобил маърузалар тайёрлашда иштирок этиш, хорижий Омбудсманлар билан кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш, халқаро форумлар, чет эл делегацияларини қабул қилишда иштирок этиш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ва хорижий ҳамкасблар мурожаатларини кўриб чиқиш орқали амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар 20 га яқин хорижий омбудсманлар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Марказий Осиё Омбудсманлари ўртасидаги алоқалар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташаббуси билан жорий йилда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-Форуми  орқали янада мустаҳкамланди.

Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди ҳамда Форум якунида Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Имзоланган меморандумлар доирасида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича ҳам ишланмоқда. 2022 йилда чет эл фуқаролари, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет эл Омбудсманлари томонидан жами 61 та мурожаат келиб тушган. Шундан 26 та мурожаат Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия федерацияси ва бошқа давлатлар Омбудсманлари томонидан юборилган ва уларнинг 70 фоизга яқини ижобий ҳал этилган.

Шунингдек, Омбудсман томонидан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон Омбудсманларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда бўлган ватандошларимиз манфаатларида 20 дан ортиқ мурожаат юборилган.  

Жумладан, шу йилнинг 4 октябрида жиззахлик фуқаро ўғлига нисбатан Қирғизистон Республикасининг суди томонидан чиқарилган хукмидан норозилиги сабабли, ўғлининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган.

Ушбу масала Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олиниб, Қирғизистон Республикаси Айкыкатчига (омбудсман) тегишли хат юборилган.

Натижада, Қирғизистон Республикаси Айкыкатчи (омбудсман) мурожаатчининг ўғли сақланаётган тергов ҳибсхонасига бориб ҳолатни ўрганган. Ҳозирги кунда унга нисбатан қўлланилган санкция ўзгартирилиб, у тергов ҳибсхонасидан озод этилган.

Қолаверса, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ўрганиш мақсадида хорижий мамлакатларга хизмат ташрифи амалга оширилади. Уларда ўша давлатларда истиқомат қилувчи ватандошларимиз учун сайёр қабуллар ҳам ташкил этиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилда Туркия, Россия Федерацияси ва Польша давлатларида фуқаролар қабули ўтказилиб, уларда 100 дан ортиқ юртдошларимиз билан суҳбат ўтказилди.  

Халқаро алоқаларнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида Омбудсман Ўзбекистон ратификация қилган халқаро конвенциялар ижроси бўйича ҳукумат ҳисоботи билан биргаликда, муқобил маърузалар киритишга алоҳида эътибор берилади. Жорий йилда БМТнинг тегишли Қўмиталарига Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциялари, Ирқий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги халқаро конвенцияси ижроси бўйича муқобил маърузалар киритилди.

Жорий йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибият ходимларининг малакасини ошириш учун уларнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Европа Кенгаши, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва бошқа халқаро ҳамкорлар кўмагида  таълим муассасалари ва хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларида таълим олиши ва амалиёт ўташи ташкил этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) БМТ органлари, ЕХҲТ, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг глобал Альянси, ЮСАИД, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси (PRI) каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда.

Жорий йил давомида 10 га яқин семинар-тренинглар ташкил этилди ва унда 250 га яқин иштирокчи қатнашди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан жорий йил давомида мамлакатимизда 3 та халқаро конференция ташкил этилди. 10 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт раҳбарлари билан 20 га яқин икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларнинг 30 дан ортиқ вакиллари билан 12 маротаба учрашув ташкил этилди. Шунингдек, Омбудсман хорижий мамлакатларда ташкил этилган 8 та турли мавзудаги халқаро тадбирда иштирок этган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати