Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигидаги навбатдаги мониторинг 22-сонли жазони ижро этиш муассасасига амалга оширилди
Жорий йилнинг 5 май куни Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан навбатдаги мониторинг ташрифи Тошкент вилоятидаги 22-сонли жазони жазони ижро этиш колониясига амалга оширилди.

Омбудсман бошчилигидаги Эксперт гуруҳи аъзолари бўлган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси ҳамда “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари ҳамда Омбудсман Котибияти вакиллари ушбу муассасада маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, бу ердаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш бўйича ўрганиш ишларини олиб боришди.

1700 ўринга мўлжалланган ушбу колонияда, ҳозирда 270 нафардан ортиқ маҳкумлар сақланмоқда. Муассасада 15 та учрашув хонаси бўлиб, маҳкумларнинг оила аъзолари карантин муносабати билан ҳафтанинг фақатгина жума, шанба ва якшанба кунлари узоқ муддатлик учрашувларга келишлари мумкин. Узоқ муддатли учрашувдан сўнг маҳкумлар 2 ҳафта давомида бошқа маҳкумлардан алоҳида сақланади ва шу муддат ичида “Covid-19” инфекциясини аниқлаш бўйича тест олинади.

Колония бошлиғи сўзларига кўра, узоқ муддатли учрашувлар ҳозирда телефон қўнғироқлари орқали навбатга қўйилмоқда ва хоналар июнь ойига қадар банд қилинган.

Учрашув хоналари кўздан кечирилганда, хоналар барча зарур жихозлар билан таъминлангани ҳамда уларнинг ҳар бирида совутгич ва ювиниш хоналари мавжудлиги аниқланди. Муассаса бошлиғининг сўзларига кўра, барча хоналар ўтган йили таъмирдан чиқарилган ва бу йил яна қўшимча 3 та хона ажратилган.

Шунингдек, колонияда 3 та камера ёки овоз ёзиш аппаратларидан ҳоли бўлган адвокатлар хонаси мавжуд.

Мониторинг давомида, Эксперт гуруҳи аъзолари колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам олиш шароитлари ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатларини ҳам ўрганишди.

Колония ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган 10 дан ортиқ цехлар мавжуд.

Ротангдан тўқилган мебеллар цехида  маҳкумларга ишбай асосда хақ тўланиб, тайёрланган мебель нархининг 10 фоизи маҳкумларга ойлик сифатида берилади.

“Буюртмага қараб ойлигимиз чиқади, маошимни ўз вақтида  олаяпман. Пандемия сабаб буюртмалар анча камайди, кафе ресторанлардан буюртма олинганда 30 нафардан ортиқ маҳкумлар ишлар эдик. Ҳозирда эса 8 кишимиз”, - деди маҳкумлардан бири.

Колонияда мавжуд бўлган тикув цехида банд бўлган 15 нафар маҳкумлар тайёр бичилган матоларни тикиш билан машғул. 3-4 йилдан буён ушбу цехда ишлаётган маҳкумнинг сўзларига кўра, улар қайси цехда ишлашларини ўзлари танлайдилар.

Қўшимча яна 5 та жазони ижро этиш муассасасини нон билан таъминлаб борувчи цехда ишлаётган маҳкумлар ҳам ойлик маошларини ўз вақтида олишларини маълум қилишди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши буйича комиссияси аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси:

Миллий превентив механизм доирасида амалга ошираётган мониторинглар жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлиб, ўз самарасини бераётганидан жуда ҳам мамнунмиз. Чунки жуда кўпчилик ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида ишларимизни ижобий баҳолашяпти. Биз бундан жуда ҳурсандмиз. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ҳам мониторингларимиздан кейин берган тавсияларимизни бартараф этиб, камчиликларини тўғирлаб олишяпти.

Бугун 22-сонли колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ушбу колонияда жазо ўтаётган шахсларга қийноқлар қўлланилмаётгани ва улар яхши шароитда сақланаётганини эшитиб, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган маълумотлар нотўғри эканлигидан ҳурсанд бўлдик.

6 мингдан ошиқ китобларга эга колония кутубхонасининг 195 та аъзолари бўлиб, улар кўпинча Алишер Навоий, Тоҳир Малик асарларини севиб ўқишади. Ушбу хонада расмий диний адабиётлар, хусусан Қуръони Каримнинг ўзбек ва араб тилларидаги нусҳалари, Ҳадис китобларидан тортиб махсус ҳуқуқий адабиётларгача топиш мумкин.

Шунингдек, ҳозирда таъмирланаётган колония Тиббиёт бўлими ва маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам ўрганилганда, дори-дармон таъминоти тўлиқлиги, лекин, терапевт ва стомотолог шифокорлар лавозимлари вакант экани маълум бўлди.

Колония бошлиғининг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзида муассасадаги барча исситиш ускуналари тўлиқ алмаштирилади, ошхона ва маҳкумлар ётоқхоналари таъмирланади.

Мониторинг давомида 30 га яқин маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, ариза ва шикоятлари қабул қилинди, шунингдек 200 га яқин маҳкумлар билан оммавий қабуллар ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман):

- Жиноят учун жазо муқаррар, лекин, қилмиши сабаб ўз эркинлигидан маҳрум бўлган маҳкумларга инсоний муносабатда бўлиш, уларга нисбатан босим ёки қийноқларга йўл қўйилмаслиги қонунчилигимизда аниқ белгиланган. Қолаверса, Давлат раҳбари ҳам қийноқларнинг ҳар қандай кўринишларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан Омбудсман зиммасига қатор вазифаларни юклаган. Улар ижросини таъминлаш мақсадида шу кунга қадар ўтказиб келинган 30 га яқин мониторинг ташрифларимиз давомида тайёрланган ахборотларимиз мунтазам равишда Ички ишлар вазирлиги, бошқа  тегишли далат органлари ҳамда ташкилотларга, ва албатта Парламентга тақдим этиб борилмоқда.

Қайд этиш лозимки, жазони ижро этиш муассасалари шароитларини яхшилаш борасида амалган оширилаётган ислоҳотлар ушбу колонияни ҳам четлаб ўтмаган. Жорий йилнинг якунига қадар таъмирланишга тушган объектлар ҳақида маълумот олдик ва албатта қурилиш ва таъмирлаш ишлари якунлангач, яна ушбу муассасага ташриф буюрамиз.

Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи эксперт гуруҳи томонидан жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар давом эттирилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати