Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
lead
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)
Эшматова Феруза Фарходовна
Телефон :
(71) 239-81-36
Қабул:
Ҳар ойнинг 15 ва 30 санаси 15:00-18:00

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова 1979 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. 2000 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Юридик фанлар доктори.
2002-2015 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида фаолият юритган. 2015-2020 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Халқаро ишлар ва парламентлааро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари бўлган. 2020-2021 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси сифатида ишлаган. 2021 йилдан ҳозирга қадар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)  сифатида фаолият юритмоқда.

  • Омбудсман ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб боради.
  • Вакил - мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда еркинликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя етилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.
  • Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради. Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгини оширишга кўмаклашади.
  • Қонунчиликка асосан Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдордир.
  • Вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолатпарварлик, демократизм, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир инсон учун очиқликдир.
  • Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
  • Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.
  • Вакил ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш ҳуқуқига эга.
  • У фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиши мумкин.
  • Вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир кишининг ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.
  • Вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.
  • Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.
  • Аноним мурожаатлар Вакил томонидан кўриб чиқилмайди.
  • Қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти Вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.
lead
Вакил ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил
Юнусова Алия Туйгуновна
Телефон :
(71) 239-13-54
Қабул:
Сешанба, 10:00 - 12:00

Aлия Юнусова юридик фанлар номзоди,  20 йилдан ортиқ вақт давомида болалар ҳуқуқлари билан шуғулланади. 1999 йилдан буён у Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг таълим бўлими мудири бўлиб, у ерда болалар ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш билан шуғулланган. 2004 йилдан бери у уч марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.

  • Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (кейинги ўринларда — Вакил) ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради;
  • Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас;
  • Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин;
  • Вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек, унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Вакилнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;
  • Вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади;
  • бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши мумкин;
  • Вакил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади;
  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Вакил билан келишилади.
  • давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборот ва материаллар сўраб олиш;
  • давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;
  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;
  • Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш;
  • бола ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш ва мурожаатлар кўриб чиқиш доирасида давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
  • ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;
  • қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш;
  • боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳоллар ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;
  • аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича сўровномалар ўтказиш, шунингдек, бола ҳуқуқлари амалга оширилиши тўғрисида статистик маълумотлар йиғиш ва маълумотлар базасини шакллантириш;
  • бола ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқув дастурлари тайёрлашда иштирок этиш, унинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ўқув-семинарлар ва тренинглар ташкил қилиш;
  • бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир эксперт ва илмий-таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, шунингдек, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан, шартнома асосида жалб қилиш;
  • болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда ва монеликсиз кириш;
  • Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва хорижий давлат ҳудудида бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги келишувларга ва бошқа шартномаларга мувофиқ бошқа давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, суд органларига ва омбудсманларига сўровномалар юбориш;
  • ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш, уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек, бошқа давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик қилиш;
  • инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум, келишувлар тузиш, қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, бола ҳуқуқлари масалалари юзасидан халқаро форумларда мунтазам равишда иштирок этиш.
lead
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари
вакант
Телефон :
(71) 200-10-96
Қабул:
__
lead
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири
Азимов Саидбек Ибрагимович
Телефон :
(71) 239-86-33
Қабул:
Ҳар ойнинг 15 ва 30 санаси 15:00-18:00

1987 йил 18 сентябрь куни Тошкент шаҳрида туғилган. Меҳнат фаолиятини 2009 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институтида тоифасиз мутахаcсис, кичик илмий ходими лавозимида бошлаган. Кейинчалик, 2009-2014 йиллар давомида Омбудсман Котибиятида турли лавозимларда фаолият юритиб келган. 2014 йил апрелдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Котибияти мудири лавозимида ишлаб келмоқда. 

Котибияти мудири ўз ваколати доирасида:

  • Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис палаталари девонлари, Вазирлар Маҳкамасининг ижро аппарати, шунингдек, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларда Котибият номидан иш кўради;
  • Котибият, унинг секторлари самарали ишлашини таъминлайди, Котибият зиммасига юкланган функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
  • Котибият таркибий секторлари ишини мувофиқлаштириб боради ва уларнинг фаолиятини назорат қилади;
  • Вакил, унинг ўринбосари фаолиятининг ҳисобот ва маърузалар, ахборот материаллари билан таъминланишини яхшилаш, ахборотни қайта ишлаш ва таҳлил қилишнинг замонавий усуллари ва воситаларини жорий этиш чора-тадбирларини кўради;
  • Котибият тадбирлари режаси тайёрланишини ташкил этади, Вакил топшириғига биноан биргаликда Инсон конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш бўйича комиссия мажлислари кун тартиби лойиҳаларини ишлаб чиқади;
  • Вакилнинг парламент палаталари билан ҳамкорлигини ва қўшма тадбирлар ўтказилишини таъминлайди, Вакил ўринбосари билан биргаликда Вакил ва давлат органлари ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, меморандумларда белгиланган вазифаларни амалга оширилиши бўйича ишларни мувофиқлаштиради;
  • Котибият таркибий секторларида тайёрланган масалалар тўғрисида Вакилга хабар беради;
  • Котибият фаолиятини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини таъминлайди, Вакил кўриб чиқиши учун Котибият тузилмаси, штатлари ва кадрлари таркиби масалалари юзасидан таклифлар, Котибият ходимларининг малакасини ошириш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш бўйича ишларни ташкил этади.
  • Вакилнинг қонунда белгиланган вазифаларини амалга ошириш юзасидан зарурият туғилган ҳолларда, Котибиятга муайян (Вакил томонидан белгиланган) вазифаларни бажариш учун шартнома асосида тажрибали мутахассисларни жалб қилади;
  • Котибият мудири қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам бажаради.
lead
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот котиби – ахборот сиёсати масалалари бўйича Вакил маслаҳатчиси
Фотима Сайдалиевна Мадраҳимова
Телефон :
(71) 239-86-18
Қабул:
-

Фотима Мадрахимова 1989 йил 1 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 2014 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини “Mening yurtim” телеканалида бошлаган. 2015-2018 йилларда “Парламент соати” дастури мухбири ва муҳаррири, 2018-2019 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази сиёсий шарҳловчиси ҳамда 2019-2020 йилларда “Тараққиёт стратегияси” марказининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.

  • Омбудсман институти фаолияти ҳақида ОАВ, ижтимоий тармоқлар, давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, шунингдек, бошқа ахборот ресурслари орқали, шу жумладан матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ташкил этиш йўли билан аҳолига мунтазам, тўлиқ ва тезкор равишда ахборот тақдим этиб бориш;
  • мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий тараққиёти жараёни ҳақида ахборот бериш ва ёритиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • Омбудсман институтининг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, ижтимоий сўровлар ўтказиш ва бошқа шаклларда жамоатчилик фикрини ўрганиш;
  • ахборот сиёсати соҳасида зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан самарали амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш;
  • ОАВ билан самарали ҳамкорлик қилиш, ахборот хизматлари билан доимий ишловчи журналистлар ва блогерлар доирасида тезкор маълумотларни тарқатиш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда кенг аҳоли қатламларининг иштирокини таъминлаш мақсадида экспертлар гуруҳини шакллантириш;
  • мунтазам равишда ОАВда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг чиқишларини ташкил этиш;
  • ахборот макони мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, танқидий ва кенг муҳокама қилинаётган ахборот хуружларига тезкор муносабат билдириш, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига алоқадор ахборотни тарқатиш бўйича ишларни ташкил қилиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш учун хабар, маълумот, шарҳ ва бошқа ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
  • Вакилнинг фаолияти тўғрисида жамоатчилик фикрини, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг позициясини ўрганиш, долзарб таклифлар ишлаб чиқиш ва улар тўғрисида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбариятига ахборот бериб бориш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини хорижий оммавий ахборот воситаларида сифатли ёритиш мақсадида ваколатли вазирликлар ва идоралар орқали Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарини, шунингдек, хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналарини ахборот материаллари (босма маҳсулотлар, фото-, аудио-, видеоматериаллар ва ҳ.к.) билан таъминлаш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари ҳамда уларнинг тасдиқланган матнларини белгиланган тартибда ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятига алоқадор матнли, фото-, аудио- ва видеоматериаллардан иборат маълумотлар базасини шакллантириш ва янгилаб бориш.