Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хизмат ташрифи билан Женевада бўлиб турибти
Шу кунларда Женевада Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган қатор халқаро тадбир ва учрашувлар ўтказилмоқда.

2023 йилнинг 11 декабр куни Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз делегацияси таркибида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этди.

Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дунё ҳамжамиятига Мурожаатнома йўллади. Унда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси урушларга барҳам бериш, зиддиятларни бартараф этиш ҳамда дунё аҳли учун тинч-осойишта ва муносиб ҳаётни таъминлашга қаратилганига урғу берар экан, ҳозирда можаролар кучайиб, қашшоқлик ва очлик кўламлари ортиб, тенгсизлик тобора чуқурлашиб бораётганини қайд этди.

Мурожаатнома якунида Бош котиб бутун жаҳон аҳлини инсон ҳуқуқларини ҳар доим, барча учун, ҳамма жойда тарғиб этишга ва ҳурмат қилишга чақирди.

Шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Глобал альянси (GANHRI) қатор давлатлардаги миллий инсон ҳуқуқлари институтлари вакилларини бир даврага жамлади. Қозоғистон, Туркманистон., Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қирғиз Республикалари Омбудсманлари иштирок этган ушбу платформада 2030 йилга қадар инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида миллий институтлар олдидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида ўз тажрибалари билан бўлишган Омбудсманлар муҳокамалар давомида дунёдаги можароли вазиятларни таҳлил қилиб, аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро фикр алмашишди.

Шунингдек, ташриф доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг Глобал альянси (GANHRI) раиси, Қатар миллий инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Марьям Абдулла Аль Аттия билан учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида Омбудсман институти томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, жазони ижро этиш муассасаларига ўтказилаётган мониторинг ташрифлари ва уларда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳамда ОАВнинг иштироки, Миллий превентив механизмнинг «Омбудсман+» модели ҳақида сўз борди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман суҳбат давомида ҳозирда Париж принципларига мувофиқлиги бўйича халқаро “А” мақомини олиш бўйича Глобал альянс тавсиялари асосида ишлаётганини маълум қилди.

Ўзаро дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар истиқболда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашишди.

Бугун, 12 декабр куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича департаменти раҳбари Хулан Цедев билан ҳам учрашди.

Ўзаро мулоқот давомида Омбудсман ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари офиси билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва келгусида ушбу йўналишда амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар ҳусусида фикр алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати