Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Халқ конституцияси билан ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат сари: илмий таҳлил ва амалий ечимлар
2023 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида “Халқ конституцияси билан ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат сари: илмий таҳлил ва амалий ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Халқаро тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд раисининг биринчи ўринбосари, Конституциявий суд раиси ўринбосари ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети профессорлари, нуфузли ҳуқуқшунос олимлар ҳамда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Беларусь давлатларидаги нуфузли олий ўқув юртларининг вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этишди.

Тадбирга жалб этилган Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг талаба ва курсантлари ҳамда тингловчилари хорижий давлатларнинг конституциявий ислоҳотлари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўлишди.

Халқаро илмий-амалий конференцияда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси ижтимоий адолат, эркинлик ва тенглик тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, инсон ва давлатнинг ҳуқуқий ҳолатини белгилашда инсон ҳуқуқлари устуворлиги, ижтимоий адолат принципларига асосланувчи тамомила янги концепцияга таянган бўлиб, унда илк бор инсон ҳуқуқлари устуворлиги, инсон қадри тушунчалари конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйилган.

Халқаро конференцияда маҳаллий ва хорижий экспертлар ўз тажрибалари билан бўлишиб, конституциявий ислоҳотларга доир турли илмий-амалий ёндашувлар атрофида ўзаро фикр алмашишди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати