Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи ва кафолатлари
Сайловлар – фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминловчи сиёсий ҳуқуқи саналади. Бежиз, сайлов ҳуқуқи соҳасидаги тамойиллар ва стандартлар 1948 йилдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида акс этмаган. Қолаверса, ҳозирда эркин сайлов ташкил қилиниши ва ўтказилишини таъминлаш соҳасида 20 дан ортиқ универсал ва минтақавий халқаро шартномалар амал қилади. Умуман олганда демократик сайловлар фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларнинг тантанаси сифатида таърифланади.

Шунингдек, ушбу Декларацияда халқ иродаси ҳукумат ваколатининг асоси бўлиши кераклиги таъкидланган. Яъни, инсон ҳуқуқлари ва демократия чамбарчас боғлиқ бўлиб, сайловлар демократиянинг марказида бўлади.

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пактда ҳам  сайлов жараёни халқ сиёсий иродасининг ифодаси эканлиги ва сайлов жараёнларида турли ғояларни ифода этиш ҳамда илгари суриш ҳуқуқи қатъий ҳимоя қилиниши кераклиги белгиланган. Аниқроқ қилиб айтганда, сайловчиларнинг сўз ва фикр эркинлиги ҳуқуқларининг таъминланиши орқали уларга тўлиқ ва аниқ маълумот олиш имкони яратилади.

Шу кунларда халқ тақдирини ҳал этувчи муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олди дунё ҳамжамияти эътибори Ўзбекистонга қаратилган.

Қайд этиш лозимки, Конституциямизнинг 128-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади”, деб белгиланган. Фуқароларнинг бу ҳуқуқини тўла рўёбга чиқариш учун сўнгги йилларда сайловга оид қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада хорижда вақтинча яшаб турган меҳнат муҳожирлари, талабалар ва бошқа юртдошларимиз сайловда иштирок этиши учун кенг шароитлар яратилди. Озодликдан маҳрум этилган маҳкумларга овоз бериш имконияти яратилди. Айтиш жоизки, ушбу нормалар баъзи демократик давлатлар қонунчилигида ҳам мавжуд эмас.

Халқаро экспертлар сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларни қўрқитилиши мумкинлиги нуқтаи назаридан жуда заиф электорат сегменти деб ҳисоблайди.

Шунинг учун ҳам Омбудсман пенитенциар муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширганда сайловчиларнинг ҳеч қандай тазйиқ ва монеликсиз яширин овоз бериш ҳуқуқлари таъминланиши нуқтаи назаридан сайлов участкасининг белгиланган талабларга мувофиқ жиҳозланганини ўрганди. Шунингдек, сайловчиларнинг танлаш, номзодларнинг эса тенг тарғибот қилиш ҳуқуқлари таъминланиши мақсадида мониторинг жараёнида номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратилиши каби ҳолатлар ҳам диққат эътиборимизда бўлади.

Белгиланган тартибга кўра, сайлаш ҳуқуқига эга маҳкумлар қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчиларнинг рўйхатлари эса мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ва сайловчилар ягона электрон рўйхатига киритилади. Агарда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда маҳкумнинг сайлаш ҳуқуқи бўла туриб унда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича мурожаатлар келиб тушса, улар дарҳол жойига чиқиб ўрганилади. 

Сайлов куни қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларининг маъмурияти маҳкумларнинг сайлов участкасига кириб чиқиши ва хавфсизлигини таъминлаши, шунингдек, ички тартиб-қоидаларига риоя этиши учун масъул ҳисобланади.

Қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган участка сайлов комиссиялари мазкур муассасаларнинг маъмурияти билан биргаликда сайловчиларни сайлов тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, сайловга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш жараёнлари, сайлов ўтказиш вақти ва тартиби ҳамда номзодлар ҳақида хабардор қилиб боради.

Шунингдек, номзодларга, уларнинг ишончли вакилларига, сиёсий партияларга фуқаролар билан учрашувлар ўтказиш орқали сайловолди ташвиқоти учун тенг шароитлар яратиб берилиши лозим. Шундагина маҳкумлар номзодлар томонидан кўтарилаётган ташаббуслар асосида улардан бирини танлайди ва сайлаш ҳуқуқидан фойдаланади.

Сайлов кодексининг 7 моддасида Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланиши белгиланган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида Ўзбекистон Республикасининг барча фуқароларининг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар  тенглиги кафолатланган.

Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилган бўлиб, унинг 29 моддасида иштирокчи давлатлар ногиронларнинг сиёсий ҳуқуқларини ва бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаши ва ногиронлар бошқалар билан тенг равишда сиёсий ва ижтимоий ҳаётда бевосита ёки эркин сайланган вакиллари орқали самарали ва ҳар тарафлама иштирок этишлари, шу жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари ва имкониятларига эга бўлишларини, жумладан,  овоз бериш тартиблари, бинолари ва материаллари англаш ва фойдаланиш учун мос ва осон бўлишини таъминлаш мажбуриятларини олиши белгиланган.

Ногиронлиги бўлган шахслар сайловларда иштирок этиш орқали нафақат ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар, балки бу орқали ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қиладилар.

Тараққий этган демократик ҳуқуқий давлатларда сайловларнинг адолатли ўтиши ҳар бир сайловчининг овоз бериш жараёнида иштирок этишини таъминлаш борасида яратилган шарт-шароитларнинг сайловчи-фуқаролар учун қулайлиги, кенглиги ҳамда ҳуқуқий асосга эга экани билан белгиланади. Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигида ҳам барча сайловчиларга овоз бериш жараёнида тўсқинликсиз иштирок этишини таъминлаш борасида муҳим қоидалар белгиланган. Улардан бири сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи институтидир.Қайд этиш лозимки, сайловларда муддатидан олдин овоз бериш тартиби илғор хорижий давлатларда, хусусан, Германия, Франция, Россия, Финляндия, Норвегия, Польша, Руминия ва бошқа кўплаб давлатларда мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эгадир. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.

Сайловда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик рўйхатида турган ёки турмаганлигидан қатъий назар хорижда истиқомат қилаётган барча фуқароларимиз учун ўша давлатларда ташкил этилган сайлов участкасида овоз бериш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу сайлов жараёнларида фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш, уларга белгиланган тартиб-таомиллар асосида шароитлар яратиш ва сайловни очиқ, адолатли ва албатта тенг сайлов ҳуқуқи асосида ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга. Чунки ушбу жараёнлар Ўзбекистоннинг жаҳонда тутган ўрни, халқаро нуфузи ва имиджига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади.

Фуқаролар ҳам сайлаш ҳуқуқини амалга оширишлари учун давлат томонидан яратилаётган шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз ҳуқуқидан фаол фойдаланиши, мамлакат келажагига бефарқ бўлмаслиги лозим.

Сайловларда ўз овозингиз билан иштирок этинг. Зеро, бу Сизнинг Бош қомусимизда акс этган сиёсий ҳуқуқингиздир. 

  

Феруза Эшматова,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)