Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Фарғона вилоят филиалига мониторинг ташрифи амалга оширилди
2023 йилнинг 28 апрель куни Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Фарғона вилоятидаги минтақавий вакили Алишер Камилов Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона вилоят филиалига мониторинг ташрифи амалга оширди.

Ушбу тиббиёт муассасаси 170 ўринга мўлжалланган бўлсада, ташриф куни у ерда 178 нафар бемор даволанаётгани аниқланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида”ги Қонунининг 23-моддасида  наркологик касалликларга чалинган шахсларни тиббий ижтимоий реабилитация қилиш фақат наркологик касалликка чалинган шахснинг ихтиёрий ёзма розилиги асосида,  наркология муассасаси билан тиббий ёрдам ва реабилитация кўрсатиш тўғрисида ёзма шартнома тузилганидан кейин амалга оширилиши белгиланган бўлсада, беморлар билан бундай шартномалар тузилмаганлиги аниқланган.

Омбудсман минтақавий вакили аввалги ташрифларида мажбурий даволанаётган шахслар учун фойдали бўлиши нуқтаи назаридан кутубхона ташкил этилиши бўйича тавсия берилган эди. Бу сафарги ўрганишда кутубхона ташкил қилинганлиги маълум бўлди.

Мониторинг жараёнида тиббиёт марказининг вилоят филиалидаги шароитлар, озиқ-овқат таъминоти, мажбурий ва ихтиёрий даволанаётган беморларнинг сақланиш ҳолати ўрганилди. Мажбурий даволанаётган беморларнинг 18 нафари билан оммавий, 4 нафари билан яккама-якка учрашиб, суҳбатлар ўтказилди. Беморлар ўз вақтида керакли муолажалар ўтказилаётганлиги, медицина хизматидан эътирозлари йўқлиги, озиқ-овқат таъминотидан хам шикоятлари йўқлигини билдирдилар.

Наркология муассасасидаги ошхона кўздан кечирилганда белгиланган менюларга асосан беморларга таомлар тайёрланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ ва таомномага мос равишда берилаётганлиги маълум бўлди.

Муассасага қўшимча равишда тиббиёт ускуналари келтирилиб, беморлар физиотерапия муолажалар ёрдамида даволанаётганликлари аниқланди.

Мониторинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати