Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарғонада фуқаролар Омбудсманга қандай масалаларда мурожаат қилишади? “Омбудсман мактаби” лойиҳаси Фарғонада
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан  аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти минтақавий вакили томонидан мурожаатлар шаҳар, туманлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

2023 йилнинг 25 апрель куни Фарғона вилояти Бешариқ туманида навбатдаги “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди. 200 дан ортиқ фуқаролар қамраб олинган тадбирда Янги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳияти, хотин қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида қабул қилинган  қонунчиликдаги имтиёзлар ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

Давра суҳбатида Фарғона вилояти Бешариқ туман адлия бўлими, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши, Вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва туман ҳокимлиги вакиллари маъруза билан иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Фарғона вилояти минтақавий вакили Алишер Камилов фуқароларга мурожаатлар билан ишлаш ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга ошираётган мониторинг ташрифлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакилига мурожаат қилиш усулларига ҳам тўхталди.

 Ўзаро мулоқотлар давомида танланган соҳалар ва масалалар бўйича фаолият юритадиган ваколатли давлат органларига асослантирилган мурожаатларни киритиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданияти оширилади. Бу эса  фуқароларга амалий ва манзилли ёрдам кўрсатишда давлат органи ва аҳоли ўртасида конструктив алоқаларнинг ўрнатилишига хизмат қилади.

Эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда навбатдаги Омбудсман мактабларида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича ҳам таклифлар олинди.

Тадбирда сўз олган “Ариқбоши”, “Қорақўйли” ва “Булоқбоши”   маҳалла фуқаролар йиғини раислари ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳим эканлигига эътибор қаратдилар. Шунингдек, бу каби тадбирларни ўтказишда Омбудсман институти минтақавий вакили билан ҳамкорликда ишлашга тайёрликларини билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати

 

Янгиликлар категориялари