Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга мурожаат қилган маҳкум суд залидан озодликка чиқарилди
Маълумки Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга ошириб, маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини ҳам ўрганишади.

Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Абдурашид Артиков шу йилнинг январ ойида Термиз шаҳар 9-сонли тергов ҳибсхонасига қилган мониторинг ташрифи давомида ажрашган ва 4 нафар фарзанднинг онаси бўлган маҳкума У.З. мурожаат қилган эди. Муқаддам фаррош бўлиб ишлаган маҳкуманинг сўзларига кўра, бир гуруҳ шахслар унинг соддалигидан фойдаланиб,  номига МЧЖ очишган ва банкдан кредит олишган. Улар 10 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ноқонуний айлантирилиб, сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб, 1,7 млрд сўмдан ортиқ қўшимча қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Кирдикорлар фош бўлгач, Бухоро вилоят прокуратураси томонидан 2022 йил 14 октябрь куни ёлғиз онага фириб берган шахслар билан бирга, мурожаатчи У.З.га ҳам “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жиноят ишлар бўйича Термиз шаҳар судининг 2022 йил 23 декабрдаги Ҳукмига асосан, мурожаатчи У.З.га 3 йил 6 ой, қолганларга 4-7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.

Маҳкума У.З. унинг номига очилган МЧЖда фаолият юритмаганлигини, барча бухгалтерия ишлари юқорида кўрсатилган шахслар томонидан унга билдирмасдан юритиб келинганлиги, бирор расмий ҳужжатларга имзо қўймаганлигини ва ушбу фаолиятидан ҳеч қандай фойда кўрмаганлигини билдириб, минтақавий вакилдан жазо чорасини инсон тамойилларига мувофиқ тайинланишида ва вилоят судининг Жиноят ишлар бўйича Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан ўтказилган суд мажлисларида иштирок этишни сўраган.

Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили Абдурашид Артиков бир неча маротаба вилоят судининг Жиноят ишлар бўйича Апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан ўтказилган суд жараёнларида иштирок этди. Судда судья томонидан Омбудсман минтақавий вакилига ҳам сўз берилиб, унинг фикрлари ҳам тингланган. Омбудсман вакили 4 нафар фарзандни ёлғиз вояга етказаётган ва соддалиги сабабли шу шундай вазиятга тушиб қолган аёлга инсонпарварлик тамойиллари асосида енгиллик берилишини сўраган.

Суд ҳайъатининг 2023 йил 13 март кунидаги ажримига кўра маҳкума У.З.га унинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, ЎР ЖКнинг 72-моддасини қўллаб 1 йил муддатга синов шарти билан шартли жазо тайинланди ва суд залидан озод этилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати