Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қайта ижтимоийлаштириш бўйича Германия тажрибаси ўрганилди
Жорий йилнинг 27 февраль куни “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қайта ижтимоийлаштиришда давлат идоралари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамкорлиги” лойиҳаси доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Германия Халқ университетлари ассоциацияси (DVV)нинг мамлакатимиздаги бўлими томонидан ташкил этилди.

Анжуманда лойиҳани ҳаётга жорий қилиш ва пенитенциар тизим фаолияти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди, илғор ғояларни илгари суриш бўйича Германия тажрибаси ўрганилди.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси А.Гороховнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

2022 йил ноябрь ойида ҳамкорларнинг Германия Федератив Республикасига ўқув сафари уюштирилиб, озодликка чиққанларни қайта ижтимоийлаштириш бўйича немис тажрибаси ўрганилган эди. Иштирокчиларга мазкур тажриба бўйича тақдимот намойиш қилинди.

Тадбирда таъкидланишича, мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги кафолатини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, 2019 йилдан Омбудсман ҳузурида қийноқларни олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм жорий этилди. Шу кунга қадар 2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71 маротаба, 2021 йилда 177 маротаба, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.

Миллий қонунчиликни халқаро стандартга мувофиқлаштириш бўйича ишлар сезиларли жадаллашган. Хусусан, ижтимоий хавфсиз ҳамда оғир бўлмаган жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк бор сайлаш ҳуқуқи берилди, умумий, қаттиқ, махсус, турма тартиби ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашуви, учрашуви ҳамда жўнатма қабул қилиши сони, қарийб, икки баробар кўпайтирилди. Қолаверса, маҳкумлар илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши жорий этилди. Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахс юқори ҳақ тўланадиган ишга жалб қилиниши таъминланди. 

Тадбирнинг иккинчи кунида иштирокчилар Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри пробация хизматлари фаолияти билан танишишди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати