Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ва ёшлар учрашуви: Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият
2023 йилнинг 21 февраль куни “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги доирасидаги тадбирлар Хоразм, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ўтказилди.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 5-сон умумий ўрта таълим мактаби ва Урганч давлат университетида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси Хамро Бектемиров ва Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили иштирокида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, яшаш ва бошқа шахсий ҳуқуқлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг асосий йўналишлари, унга қандай мурожаат қилиш ҳақида ҳам хабардор қилинди.

Шу куни Қарши Давлат университетида ташкил этилган давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этишди.

Мазкур учрашувда Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили Муродулла Нормурадов томонидан ёшларга оид давлат сиёсати доирасида талабаларнинг таълим олиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқи, Конституция лойиҳасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда Омбудсманнинг асосий вазифалари ҳақида ёшларга маълумот берилди.

Жорий йилнинг 21 февраль куни Марғилон шаҳрининг “Хўжа Порсо”, “Нурафшон”, “Истиқлол”, “Орол бўйи” МФЙлари, Ўзбекистон  туманининг “Намуна”, “Пасткиқўриқ”, “Ўқчи” МФЙлари фаоллари ва ёшлари учун ҳам аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Давра суҳбатида Омбудсманнинг Фарғона вилояти минтақавий вакили, Ёшлар ишлари агентлиги, адлия бўлими ходимлари, прокурор, судьялар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари ва ёшлар иштирок этишди ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ мавзуларда маърузалар қилинди.

Учрашув якунида талаба-ёшларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари тингланди ва атрофлича муҳокама этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари