Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманга Хива “Мурувват” уйида яшовчи кексалардан мурожаат келиб тушди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Аллоёровга Хива “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйида яшовчи кексалардан мурожаат келиб тушган эди. Ушбу мурожаатда 14 нафар қариянинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари мавжуд эмаслиги ва уларни расмийлаштиришда амалий ёрдам берилиши сўралган.

Мазкур мурожаат назоратга олиниб, Хоразм вилоят Божхона бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиш давомида мурожаатда кўрсатилган 14 нафар фуқародан 5 нафарининг шахси аниқланиб, уларга қонунда белгиланган тартибда шахсини тасдиқловчи ҳужжат – ID-карталар расмийлаштирилиб берилди.

Қолган 9 нафар кексаларнинг туғилганлик фактини белгилаш бўйича Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судига даъво аризалари киритилди. “Мурувват” уйида ўтказилган сайёр суд мажлисида Омбудсман томонидан киритилган даъво аризаларининг барчаси қаноатлантирилди.

Шундан сўнг, суд қарори асосида ушбу шахсларга шахсини тасдиқловчи ҳужжати – ID-карталар расмийлаштирилиб, ўз эгаларига топширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати