Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ҳисоботи фракция кун тартибидаги асосий масалага айланди
Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилиниши ҳамда унинг амалда олий қадриятга айланиши Омбудсман фаолиятининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шу боис, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш унинг фаолиятида асосий ўрин тутади.

Инсоннинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизликка бўлган ҳуқуқларининг таъминланганлик ҳолатлари Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти давомида эътибор марказида бўлди. Омбудсман томонидан мурожаатларни ўз вақтида ҳамда сифатли кўрилишини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш борасида салмоқли ишлар қилинди.

Бу ҳақда парламент қуйи палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида таъкидланди. Унда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17761 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 14526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, 3235 таси жазони ижро этиш муассасаларидан юборилган.

Мурожаатлар вилоятлар кесимида аҳоли сонидан келиб чиқиб таҳлил қилинганда энг кўп масалалар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларига тўғри келиши аниқланган.

Ф.Эшматованинг таъкидлашича, Омбудсманга фуқаролардан тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи йўналишида мурожаатлар сони ошиб бормоқда. Хусусан, 2022 йилда ушбу йўналишда 184 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 76 таси Омбудсманнинг назоратига олинган.

Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан судда ижтимоий ҳуқуқлар таъминланиши йўналишида 599 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 166 таси Омбудсман назоратига олинди. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга ошириш масаласида келиб тушган 1601 та мурожаатнинг 253 таси назоратга олиниб, уларнинг салмоқли қисми ижобий ҳал этилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, ҳисобот йилида Омбудсман номига фуқаролардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тергов ишларини олиб боришда қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушган.

Ўтган даврда Омбудсман номига бошқа масалалар бўйича 333 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 97 таси Омбудсманнинг шахсий қабулини сўраб қилинган, 69 таси коррупцияга оид, 132 таси турли мавзуларда ҳамда 35 таси чет элдаги фуқаролар ҳуқуқларига доир мурожаатларни ташкил қилди.

Йиғилишда депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Омбудсман ҳисоботи фракция аъзоларида катта қизиқиш уйғотди ва мазкур масала юзасидан кўплаб саволларга жавоблар олинди. Савол-жавоблардан сўнг, Омбудсман ҳисоботи маъқулланди.

parliament.gov.uz

Янгиликлар категориялари