Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Мальдив Республикаларининг Болалар Омбудсманлари ўзаро тажриба алмашишди
2022 йилнинг 13 октябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Мальдив Республикасидаги Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани Ниимат Шафик билан учрашди.

Учрашувда Болалар Омбудсманлари болаларни низоли ҳудудлардан репатриация қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган болаларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилгани, уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилгани, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилгани, бу ишларни амалга оширишда Давлат органлари,манфаатдор давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотлар билан олиб борилган тизимли ишлар ҳақида таништирилди. Меҳмонларга ушбу ишларни амалга оширишда қандай халқаро ва миллий даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлангани ҳамда қандай чора-тадбирлар қабул қилингани ҳақида маълумотлар берилди.

Ўзаро мулоқот давомида Алия Юнусова меҳмонларни сўнгги йилларда бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ишлар, жумладан 2019 йилда Болалар Омбудсмани лавозимини жорий этилгани ва унинг фаолият йўналишлари билан таништирди.

Мурожаатлар билан ишлашда масалани тизимли равишда ҳал этишга ҳаракат қиламиз. Чунки, болалар доимий ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланади. Бир бола дуч келган муаммога бошқа болалар тўқнашмасликлари учун ҳам масалани ҳар томонлама ўрганиб, муаммони тизимли ҳал этиш бўйича ўз таклифларимизни тегишли давлат органларига юборамиз. – деди Болалар Омбудсмани Алия Юнусова

Ниимат Шафик, Мальдив Республикаси Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсмани

- Бугунги учрашув мен учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки ўзаро суҳбат давомида бола ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги Ўзбекистон тажрибасини, унинг ютуқлари ва афзалликлари ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим ва уларни ўз фаолиятимда қўллайман. Ўзбекистонда низоли ҳудудлардан аёллар ва болаларни репатриация қилиш бўйича амалга оширилаётган давлат тизимли ишларни жуда юқори баҳолайман.

Учрашув якунида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати