Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Сурхондарё вилоятида фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Маълумки, жорий йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида республика ҳудудларида тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шу кунга қадар Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва  Фарғона вилоятларида маҳаллалар кесимида фуқаролар ва давлат органлари вакилларининг ўзаро очиқ мулоқотлари ташкил этилди. Бунда асосий эътибор сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларга, хусусан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳамда фуқароларга яратилаётган имконият ва имтиёзларга қаратилди.

2022 йилнинг 29 сентябрь куни “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги “Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди.

Фуқаролардан Омбудсманнинг Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили А.Артиковга келиб тушаётган мурожаатлар кўпроқ ижтимоий соҳага тегишли бўлганлиги сабабли мазкур тадбир аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига бағишланди.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматова, Омбудсман Котибияти ходимлари,  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сурхондарё вилояти маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят ҳокимлиги, Молия, Адлия, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармалари, Марказий банк, хусусан Сурхондарё вилояти Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банки бошқармаси вакиллари, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда дастлаб “Омбудсман мактаби”ни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган туб ўзгаришлар тўғрисида аҳолини, айниқса, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган фуқароларни ўз вақтида ва тўлақонли хабардор қилиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасида мулоқот платформаси яратиш, шунингдек давлат органлари ва идоралари вакилларини инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича ўқитиш ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш эканлиги айтиб ўтилди.

Маҳалла фаолларининг илтимосига кўра, дастлаб пенсия ҳисоблаш тизимига оид ислоҳотлар тўғрисида вилоят Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бошқарма бошлиғининг ўринбосари С.Ражабов 2022 йил 7 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорининг мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.  Фуқароларга содда ва оддий тилда тушунтириш бериш мақсадида бир нечта фуқароларнинг пенсия пуллари ҳисоблаб берилди. Бунда фуқароларнинг пенсияга чиқиш тартиби, имтиёзли шартларда пенсия ва имтиёзларга эга бўлиш ҳақидаги саволларига батафсил жавоб берилди.

Тадбирда, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Саматов, вилоят Марказий банки бош бошқармаси бошлиғи А.Тўхтаев, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи С.Абдурасулов, вилоят Бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармаси бошлиғи С.Жумаев тегишли соҳаларда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиликлар тўғрисида тўхталиб ўтдилар.

“Омбудсман мактаби” доирасида ўтказилган йиғилишда мутасадди давлат органлари ва ташкилотлари вакиллари аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда давлат органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида, хусусан Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси,  аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига йўналтириш, тижорат банкларининг ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилалар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги вазифалари ҳақида фуқароларга тушунтириш бердилар.

Йиғилишда, шунингдек турмуш шароити оғир оилалар бандлигини таъминлаш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда амалдаги қонунчиликка риоя этилишида жамоатчилик назоратини амалга оширишга, бунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни юқори эканлигига эътибор қаратилди.

Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида “Омбудсман мактаби” доирасида кўтарилиши зарур бўлган соҳалар бўйича таклифлар ҳам олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати