Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Р. Маҳмудованинг Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I форумининг аҳамияти ҳақидаги фикри
Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида меморандумлар ҳамда Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Шубҳасиз, ушбу нуфузли анжуманнинг ўтказилиши ҳамда Тошкент декларацияси қабул қилинганлиги инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини тўлиқ таъминлаш борасида минтақа мамлакатларимининг ўзаро мулоқотини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти мана қарийб 27 йил давомида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ноёб давлат тузилмаси бўлиб келмоқда.

Европа давлатлари амалиётидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Омбудсманининг ваколатлари нафақат ижро этувчи органларининг ишини назорат қилиш, балки судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилиш масалаларини ҳам ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда Олий суд ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўртасидаги ҳамкорлик янада кенг кўламли бўлмоқда.

Жумладан, Омбудсман фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда, судларда кузатувчи сифатида иштирок этмоқда, арз қилувчининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишади, давлат божидан озод қилинган ҳолда, шахслар манфаатида судларга мурожаат қилади.

Ўтган бир ярим йил давомида Омбудсман судларда кўриб чиқилган 130 га яқин ишларда кузатувчи сифатида иштирок этган.

Судларга давлат божини тулашдан озод этилган ҳолда 50 дан ортиқ ариза ёки даъво аризалари киритилган.

Ушбу даврда Олий судга Омбудсмандан 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, шундан 500 дан ортиғи кассация тартибида кўриб чиқилган.

Эътиборлиси, Вакилдан келиб тушган кассация тартибидаги мурожаатларнинг 38 фоизи қаноатлантирилган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 26 фоизга ошган. Албатта, бу Омбудсман фаолиятининг самарадорлиги ошганлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, гендер тенгликни таъминлаш, аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиққа қарши курашиш, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини қўллаш амалиёти масалаларида ҳам самарали ҳамкорлик амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, Омбусман ва судлар томонидан халқаро экспертлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида семинар-тренинглар ҳамда конференциялар ўтказилмоқда.

Ўтказилган анжуман – Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти янада кенг қамровли бўлаётганлигидан далолат беради.

Шу нуқтаи назардан, қўшни давлатлар билан интеграция жараёнларининг амалга оширилиши Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун жуда муҳимдир.

Манбаа: sud.uz