Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман ЕХҲТ ДИИҲБ делегацияси билан учрашди
2022 йилнинг 16 июнь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Оуэн Мерфи бошчилигидаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) делегацияси аъзолари билан учрашди. Учрашувда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳам иштирок этди.

Ўзаро мулоқот давомида 2021 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларга яратилган шароитлар ва сайловчиларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлашдаги Омбудсманнинг ўрни борасида ўзаро фикр алмашилди.

Таъкидланишича, ўтган сайловда ногиронлиги бўлган шахсларга овоз беришлари учун зарур қўшимча шароитларни яратиш бўйича Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда қатор мониторинглар ўтказилиб, сайлов участкалари аъзоларига тавсиялар берилган.

Омбудсман томонидан сайлаш ҳуқуқига эга бўлган маҳбус ва маҳкумлар ўз ҳуқуқидан ҳеч қандай монеъликсиз фойдалана олишлари учун жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этилган сайлов участкалари ҳам ўрганилган.

Учрашувда шунингдек, Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш Миллий превентив механизми доирасида жамоатчилик гуруҳлари билан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари, уларда фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВларининг иштирок этаётгани ҳам қайд этилди.

Мулоқотда Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссиясининг якуний ҳисоботида илгари сурилган тавсиялар ҳақида фикр алмашилди. Суҳбат давомида меҳмонлар томонидан ушбу тавсиялар Ўзбекистондаги сайлов қонунчилиги ва уни ташкил этиш тартибларини халқаро илғор тажрибаларига мослаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Оуэн Мерфи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) делегацияси раҳбари

-       Ўтган йили Ўзбекистонда Президентлик сайловлари ўтказилгандан сўнг ушбу жараёнларни кузатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ўз ҳисоботини апрель ойида эълон қилди ва унда 24 та тавсия ўрин олган. Булар тавсия халос. Уни эътиборга олиш ёки олмаслик ҳар бир давлатнинг ўзи ҳал қилади. Бизнинг ҳукумат таклифи асосида Ўзбекистонга ташрифимиз давомида тавсияларимизни биргаликда муҳокама қилиш кўзда тутилган. Бугунга учрашувимиз давомида ҳам ушбу институтнинг фаолияти, унинг сайлов жараёнларидаги иштироки, ҳар бир фуқарога овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш бўйича шарт-шароитлар яратиш юзасидан фикр алмашдик.

Албатта биз тавсияларимиз эътиборга олинаётганидан ҳурсандмиз. Биз бундан буён ҳам ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз.

Учрашувда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати