Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОМБУДСМАННИНГ ХОРАЗМДАГИ МИНТАҚАВИЙ ВАКИЛИ 11-СОН ТЕРГОВ ҲИБСХОНАСИДА МАҲБУСЛАРГА ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАРНИ ЎРГАНДИ
2021 йилнинг 14 декабрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили (омбудсман) Хамро Бектемиров Урганч шаҳар 11-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Минтақавий вакил маҳбусларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш давомида маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш ҳамда адвокатлар ва учрашув хоналарда яратилган шароитларни халқаро стандартларга мувофиқ эканлиги ҳолатини ўрганди.

Шунингдек, тергов ҳибсхонасидаги, муассасада ушлаб турилган барча шахслар бориши мумкин бўлган ва видеокамера объективидан ҳоли бўлган жойларга ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га ташланган мурожаатлар ҳам ўрганилди.

Муассасада сақланаётган мурожаат эгалари билан якка тартибда ўтказилган учрашувларда маҳкум ва маҳбуслар томонидан суд-тергов жараёнлари билан боғлиқ масалалар кўтарилди. Мониторинг давомида олинган барча мурожаатлар Минтақавий вакил назоратига олинди.

Ёпиқ муассасада сақланаётган шахслар билан ўтказилган якка тартибдаги ва жамоавий учрашувларда руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатлари, муассаса ходимларининг қўпол муомалада бўлиши ёки инсон ҳуқуқ ва манфаатларига хилоф бошқа ҳолатлар бўйича ҳеч қандай мурожаатлар келиб тушмади.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакили томонидан вилоят бўйлаб барча ҳаракат эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ташкил этилаётган мониторинг ташрифлари ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз тўсатдан амалга оширилмоқда.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати