TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлис Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан маърузаси
Маълумки, 2020 йил дунё ҳамжамиятида коронавирус пандемияси кечганлиги билан бошқа йиллардан тубдан фарқ қилди. Пандемия барча мамлакатлар қатори табиийки Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади.

Асосий мақсад, инсонларни ҳаётини сақлаб қолиш ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб қувватлашдан иборат эди. Пандемия шароитида жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, “темир дафтар”лар ташкил этилди. Ягона ижтимоий реестр яратилди, энг муҳтож қатлам вакилларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилди.

Бу борада тезкор яратилган механизм мураккаб вазиятда давлатнинг аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш функциясини муваффақиятли бажарилишига хизмат қилди.

Пандемия шу жумладан, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги фаолиятига ҳам таъсир  қилди. Каронавирусни олдини олиш мақсадида ўрнатилган баъзи чекловлар аҳолимизга ўз таъсирини кўрсатмаслиги учун Омбудсман ҳам, Парламент қатори бир кун ҳам ўз ишини тўхтатгани йўқ.

Бунда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) томонидан фуқароларнинг шахсий қабули вақтинча тўхтатилган бўлсада, Омбудсманнинг ишонч телефонига ҳамда электрон манзилига келиб тушган мурожатлар сони олдинги йилларга нисбатан ошди.

Шунингдек, Пандемия шароитида фуқароларнинг мурожаатларида кўрсатилган масалаларни жойига чиқиб ўрганиш, унинг ечимини топишда Омбудсман ҳамда унинг жойлардаги минтақавий вакиллари баъзи объектив қийинчиликларга дуч келди.

Шундай бўлишига қарамасдан, ҳисобот йилида Омбудсман номига келиб тушган ҳар бир мурожаат унинг эътибордан четда қолмади.

2020 йилда Омбудсман номига 14 975 та мурожаат қабул қилинди (2019 йилда 12 822 та эди),

Мурожаатларнинг 33,5 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, 37,3 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,0 фоизи сиёсий ва 0,7 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Ҳисобот йилида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 16–17-моддаларига мувофиқ Омбудсманнинг фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тавсиялар берилган 16 та хулосаси тайёрланиб, вилоят ҳокимликларига (7 та), Ўзбекистон Республикаси Олий судига (4 та) ва Бош прокуратурасига (3 та), Ички ишлар вазирлигига (2 та) юборилди. Бундан ташқари, судларга 30 та даъво аризаси ҳамда 21 та тақдимнома киритилди. Шундан 8 та хулоса ҳамда 9 та тақдимнома қаноатлантирилди.

Шунингдек, 2020 йил давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Котибияти ходимлари 32 маротаба судларда кузатувчи сифатида иштирок этди.

Келиб тушган мурожаатлар таҳлил этилганда фуқароларнинг одил судловга (1044 та мурожаат) ҳамда адолатли тергов-суриштирув ҳаракатларига (2565 та мурожаат) тегишли бўлганлиги аниқланган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Омбудсман мурожаати асосида 29 та жиноий, 42 та маъмурий иш қўзғатилди.

Пандемияга қарамасдан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг Котибияти ходимлари, жамоатчилик фаоллари билан биргаликда карантин мажмуалари, тиббий муассасалар, Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолатини ўрганиш мақсадида жойларида жами 76 та мониторинг тадбирларини амалга оширди.

Мониторинг ташрифлари давомида 4 мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ва 578 нафар маҳкум билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.

Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маълумот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди.

Киритилган маълумот асосида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратураси вакилларининг эшитуви ташкил этилди ва эшитув якуни бўйича қўшма Қарор қабул қилинди.

Сўнги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан бино-иншоотлари бузилиб, ер участкаси олиб қўйилган фуқароларнинг бузилган ёки олиб қўйилган мулклари учун қарийб 900 млн. сўм компенсация пулларини тўлаб берилишида, 14 та фуқарога уй жой қуриш учун ер участкаси ажратиб берилишида, 7 та фуқарога уй жой ажратиб берилишида ёрдам берилди ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларининг таъминланишига эришилди.

Шунингдек, тадбиркорларга 2 млрд. 278 млн. сўм кредит расмийлаштиришда, савдо дўконлари бузилиши муносабати билан 3 млр. 612 млн.сўм миқдорида компенсация пули тўлаб берилишида ҳамда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш биноси қуриш учун ер майдони ажратиб берилишида кўмак кўрсатилди.        

Ҳисобот йилида 2020 йилда Омбудсман манзилига келиб тушган фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ мурожаатлар 460 тани ташкил этди. Шулардан, 242 та шикоятда мурожаатларни масъул мансабдор шахслар томонидан эътиборсиз қолдирилганлиги, 30 тасида кўриб чиқиш муддатларининг бузилганлиги, 29 та шикоятда давлат органлари ва муассасалари жавобларининг мазмунидан қониқмаслик, 70 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси фуқаролик масалаларига тегишли, 52 тасида эса сайлаш ва сайланиш ҳуқуқлари билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.

Сиёсий ҳуқуқларнинг таъминланиши юзасидан 3 та тақдимнома, 9 та хулоса киритилди.

Ҳисобот йили давомида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан Омбудсманга 1046 та мурожаат келиб тушди ҳамда аксарияти Вакилнинг алоҳида иш юритувига олинган.

Мазкур мурожаатларнинг ўрганиб чиқилиши натижасида 90 дан ортиқ фуқарога 400 миллион сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақларини ундириб берилишида, ишга тиклаш ҳамда 60 миллион сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақлари ва компенсация пулларини ундириш юзасидан судларга 11 та даъво аризаси киритилишида, бузилган меҳнат қонунчилигини бартараф этиш юзасидан 8 та тақдимнома (5 таси ижобий ҳал этилди) киритилишида ҳамда 1 та Омбудсман хулосаси тайёрланиб, фуқароларга кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, Омбудсманнинг сай-ҳаракати натижасида 13 нафар фуқаро иш жойига қайта тикланди ва 5 нафар мансабдор шахс меҳнат қонунчилигини бузганлик учун суд томонидан маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, ҳисобот йилида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) номига фуқаролардан ижтимоий имтиёзлар ва нафақалар, моддий ёрдам кўрсатиш масаласида бўйича 755 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг аксарияти Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакли (Омбудсман), Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимиятларнинг алоҳида иш юритувида ўрганиб чиқилиши натижасида оғир турмуш шароитига тушиб қолган 29 та оилага ҳомийлар ҳамда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ёрдамида 20 миллион сўмликдан ортиқ моддий ёрдам ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, 14 та болали оилаларга нафақалар, бола парвариши бўйича 31 миллион сўмликдан ортиқ нафақа ёки моддий ёрдам пуллари тайинланишида кўмак кўрсатилди.

Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараёнлар, коронавирус пандемияси ва глобал иқтисодий инқироз шароитида Ўзбекистон очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни фаол олиб бормоқда.

Мамлакатимиз тарихда биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо этиб сайланди. Яқинда АҚШ Давлат департаменти томонидан Ўзбекистон диний эркинлик соҳасидаги “махсус кузатувдаги давлатлар” рўйхатидан чиқарилгани ҳам кенг кўламли демократик ислоҳотларимизнинг эътирофидир.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) БМТ органлари, ЕХҲТ, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси, ЮСАИД, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси (PRI) каби халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги фаол ривожланиб бормоқда.

Шунингдек Ўзбекистон тарихида биринчи бор инсон ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) дунё Омбудсманлар учун белгиланган аккредитациядан ўтди ва унга “В” мақоми берилганлиги маълум қилинди.

Бу билан Омбудсман институтининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни янада мустаҳкамланади.

Сизга маълумки, 2020 йили ПҚ асосида Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тайинланган. Бу борада ҳам 2020 йил давомида:

жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан жами 85 та мурожаатлар қабул қилинди ва назоратга олинган. 28 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган.

Меҳрибонлик уйларининг битирувчиларининг тураржой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 та мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.

Боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида 8 маратоба суд процессларида иштирок этди. Шундан 5 та суд қарори бекор қилинди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонун хужжатларини ижросини назоратини ўтказиш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқарув органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 та сўровлар жўнатди.

2020 йилда Республика ҳудудида COVID-19 пандемияси кириб келиши ва карантин эълон қилиниши оқибатида жуда кўплаб муассасалар ёпиқ ҳолатда ўз иш фаолиятларини давом эттирди. Бу каби ёпиқ, шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган муассасаларда бола ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 53 та мониторинг ўтказилди.

Бола ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш ва мурожаатлар кўриб чиқиш доирасида давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган 3 та тақдимномалар киритилди.

Давлатимиз раҳбарининг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, ҳаётнинг барча жабҳаларида ислоҳотларни чуқурлаштириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга доир давлат сиёсатини ҳаётга фаол тадбиқ этиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш борасида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)ўзининг фаолиятини қуйидаги вазифаларни бажаришга йўналтиради:

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда, шунингдек инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро стандартлар ва инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш мақсадида ҳар чорак якуни бўйича қийноқларнинг олдини олиш, шу жумладан тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” ҳақида Парламент палаталарига маълумот киритиб бориш;

Иккинчидан, келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили ҳамда минтақавий вакилларнинг ахборотига асосланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи омиллар, сабаб ва шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотлар бўйича масъул идора ва ташкилот вакилларининг эшитувини ташкил этиш учун Парламентнинг тегишли қўмиталарига маълумотларни тақдим қилиб бориш ва ушбу масала юзасидан Парламент қўмиталарида эшитув амалиётини ривожлантириш;

Учинчидан, Вакил номига келиб тушган мурожаатларни ҳудудлар кесимида мунтазам тарзда таҳлил қилиб бориш, унда бузилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари турларини ва кўп учрайдиган ҳолатларнинг ечими юзасидан жойларда сайёр қабуллар ташкил этиш. Мазкур сайёр қабулларга фуқароларнинг Парламентдаги вакилларини ҳам жалб этишни назарда тутиш;

Тўртинчидан, Вакилнинг минтақавий вакиллари томонидан ахборот-маърифий ишларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кучайтириш;

Бешинчидан, аҳолининг мурожаатлари билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечимини топилишига асосий эътиборни қаратиш;

Олтинчидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил ҳузуридаги Инсоннинг Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этувчи Комиссияси фаолиятини янада жонлантириш;

Еттинчидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликдаги фаолиятни кучайтириш;

Саккизинчидан, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига оид эълон қилинган хабарлардаги ҳолатларни Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан тезкорлик билан ўрганиб бориш.

Албатта инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида Омбудсман олдида жуда катта вазифаларимиз, ўзига хос масалаларимиз бор. Мазкур масалаларни Сиз азизлар билан биргаликда ҳамкорликда, бамаслаҳат ечимини топишга, бирга ишлашга доимо тайёрмиз.

 

 

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман)