Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсманнинг ўрни
Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра, жаҳонда аҳолининг бандлик даражаси 2020 йилда 58,7 фоизни ташкил қилган, COVID-19 туфайли эса бекор туриб қолинган вақт 8,8 фоизга ошган. Ўзбекистон Республикаси Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, республикада аҳолининг бандлик даражаси 2020 йилда 66,1 фоизни (2019 йилда – 67,7 фоиз) ташкил қилган. Ўзбекистон меҳнат бозорида 2020 йилнинг тўртинчи чорагида иқтисодий фаол аҳоли орасида иш билан банд бўлганлар сони 13239,6 минг кишини ташкил этиб, 2020 йилнинг иккинчи ва учинчи чоракларига нисбатан (12736,6 минг ва 13205,3 минг) ўсиш ҳолати кузатилган.

Ҳолатнинг ижобий томонга ўзгаришида давлат идораларининг меҳнат муҳофазаси ҳамда адолатли меҳнат шароитларини яратиш бўйича амалга ошираётган ишлари муҳим аҳамият касб этганлигидан далолат беради. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳамда “Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисида”ги  халқаро пактда ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш, камситишсиз тенг меҳнат учун тенг иш ҳақи олиш, адолатли ва қониқарли даромад олиш, касаба уюшмалари тузиш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиши учун касаба уюшмаларига кириш, дам олиш ва бўш вақтга эга бўлиш, шу жумладан иш кунини оқилона чеклаш ҳуқуқи ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқларига эга эканлиги эътироф этилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларда ишлаш ҳамда қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларига эга эканлиги белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг (омбудсманнинг) фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича фаолияти муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

Айтиш жоизки, 2017 йил август ойида “Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари Вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниб, унда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсманга тақдимнома, илтимоснома ҳамда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилишда судларга даъво аризаларини киритиш ҳуқуқи берилди.

Омбудсман томонидан 2020 йилда тегишли давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларга фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масалаларида 19 маротаба хулоса, даъво аризалари ва тақдимномалар киритилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли чоралар кўрилган ҳамда фуқароларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқлари тикланган. Хусусан, Вакил томонидан 16 та ҳолатда иш берувчининг ходимга иш ҳақи тўлиқ ва ўз вақтида берилмаганлиги ҳамда 8 та ҳолатда меҳнат қонунчилигининг бузилиши юзасидан тақдимнома, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судга 8 та ҳолатда даъво аризалари киритилиб, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини тиклашда ёрдам кўрсатилган. Бундан ташқари, 2 та ҳолатда иш берувчи томонидан қонунга зид равишда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатлари кузатилиб, Вакил томонидан Ички ишлар вазирлигига ва фуқаролик ишлари бўйича судга 1 тадан хулоса ҳамда даъво ариза киритилган.

Таъкидлаш лозимки, Омбудсманга 2020 йилда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 1046 та мурожаат келиб тушди. Жумладан, фуқароларнинг 442 таси иш ҳақи ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланмаганлиги, 289 таси қонунга зид равишда ишдан бўшатилганлиги, 226 таси иш берувчининг ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) норозилиги, 89 таси штатларнинг қисқартирилиши натижасида ёки бошқа ишга ўтказишда меҳнат қонунчилиги бузилганлиги юзасидан мурожаат қилган. Мазкур мурожаатларни ўрганиш натижасида 90 дан ортиқ фуқарога 439 млн. сўмлик иш ҳақини ундирилишида кўмаклашилди.

Мисол учун, фуқаро Х.Д. 2000-2012 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида турли лавозимларда ишлаб келган. Бироқ, у 2012 йилда турли сабабларга кўра ноқонуний ишдан бўшатилган. 2020 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текширувини ғайриқонуний деб топиб, Х.Д.ни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси тергов бўлими катта терговчиси лавозимига тиклаш ҳақида қарор қабул қилди. Бироқ, 2020 йил давомида қарор ижроси таъминланмади. Омбудсман томонидан ушбу ҳолат ўрганилиб, суд қарори ижроси ўз вақтида бажарилмаётганлиги юзасидан Ички ишлар Вазири номига хулоса киритилган. Мазкур масала вазирлик томонидан ижобий ҳал этилиб,  Х.Д.га ўзига тегишли махсус унвони билан ИИВ кадрлар билан ишлаш бўлинмасига ишламаган даврни қўшган ҳолда хизмат лавозимига қайта тикланди.

Фуқаро Н.С. эса 1998-2020 йиллар мобайнида Тошкент шаҳар Миробод тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида (СЭОМ) бош ҳисобчи лавозимида ишлаб келган. Бироқ, 2020 йил 9 ноябрида “СЭОМ ташкилоти тугалтилди”, деган важ билан Н.С. СЭОМ раҳбарияти томонидан ноқонуний равишда ишдан бўшатилган. Ушбу ҳолат юзасидан Вакил томонидан қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг Тошкент шаҳар бошқармасига тақдимнома киритилган. Бироқ ушбу масала ижобий ҳал этилмаган. Шундан сўнг Вакил томонидан фуқаро Н.С.нинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Миробод туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Мазкур суднинг 2021 йил 22 февралдаги ҳал қилув қарори билан фуқаро Н.С. ишга тикланди ва 5,0 млн.сўмлик маънавий зарар учун ҳамда 3,5 ойлик мажбурий прогул учун компенсация пулларининг ундирилиши белгиланди.

Яна бир мисол. Вакил номига 8 нафар фуқаро номидан фуқаро Б.И. томонидан ариза келиб тушди. Аризага кўра, фуқаролар Наманган таъмирлаш тиклаш хизмати Давлат унитар корхонасида (ДУК) ишлаб келаётганликлари, бироқ ДУК томонидан иш ҳақлари вақтида тўланмаганлигини билдиришган. Вакил томонидан ариза ўрганилганда, 2019 йил сентябрь ойидан 2020 март ойига қадар ишчиларга ДУК томонидан иш ҳақи ва мукофот пуллари ўз вақтида тўланмаётганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат юзасидан Вакил томонидан 2020 йил 21 декабрь куни фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, 5 та ариза ижобий ҳал этилиб, мазкур суднинг 2020 йилдаги (29 декабрь) ва 2021 йилдаги (9 январь ва 11 январь) суд буйруғлари билан ходимлар фойдасига 116,3 млн.сўм маблағ ундирилиши белгиланди. Қолган 3 ҳолатда мурожаатчилар томонидан ариза кўрилмасдан қолдирилиши сўралган.

Агар дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, меҳнат қонунчилиги бузилган ҳолатларда мансабдор шахсларни Сербияда 6300 $ гача, айрим ҳолатларда 15000 $ гача, Озарбайжонда 11700$ гача, айрим ҳолларда 14700 $ гача, Чехияда 13500 $ гача, айрим ҳолатларда 91000$ гача, Австралияда 6600 $ гача айрим ҳолатларда 18000 $ гача , Швейцарияда 5400 $ гача, айрим ҳолатларда 45000 $ гача жаримага тортилиши белгиланган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Омбудсман томонидан меҳнат муносабатларига оид мурожаатлар таҳлилидан келиб чиқиб, уни янада такомиллаштириш ҳамда меҳнат қонунчилиги бузилиш ҳолатларини олдини олишга эҳтиёж пайдо бўляпти.

Бунинг учун фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишида, биринчи навбатда, жойлардаги назорат қилувчи давлат органларнинг меҳнат қонунчилигини таъминланиш борасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқиш ва кучайтириш, иш берувчи ва ходимлар ўртасида меҳнат муносабатларига оид низоларни ҳал қилиш юзасидан самарали механизмларни меҳнат шартномаларида кўрсатиб ўтиш ҳамда иш берувчининг ходимга нисбатан меҳнат қонунчилигини бузган ҳолатларда унга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, фуқаролик судлари, ҳакамлик судлари, медиаторлар, меҳнат инспекторлари ва бошқа меҳнат муносабатларига оид низолар билан шуғулланувчи идоралар ходимларининг масъуллигини ошириш лозим. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар ечимида муҳим аҳамият касб этади.

А. ЮЛДАШЕВ,

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг Инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил сектори ходими