TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ КАФОЛАТЛАШ БОРАСИДАГИ МУҲИМ ҚАДАМ
Инсон қадр-қиммати, шаъни, ғурури, манфаатлари ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин, уни таъминлаш, ҳуқуқини амалда кафолатлаш, Давлат раҳбари таъбири билан айтганда адолатни қарор топтириш масаласи анчайин мураккаб ва залворли вазифа. Чунки, ҳеч бир давлат шу пайтгача ўз фуқаролари эркинлигини мутлақ кафолатлаш мумкин бўлган бирор бир механизм ёки формула ишлаб чиққан эмас.

Балки кимлардир учун бу имконсиздек туюлар, лекин, бир нарса аниқ. Инсоният такомиллашувга секин-асталик билан, ўқиш, изланиш, тажриба ва ҳаёт зарбаларидан олинган сабоқларда тобланибгина эришади.

Жорий йилнинг 22 февраль куни юртбошимиз БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида “Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир” деб таъкидладилар. Ушбу сўзлар эса, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини кафолатлаш йўлида комиллик сари дадиллик билан илдамлаётганини  билдиради.

Мамлакатимиз босиб ўтган сўнгги йилларга назар ташласак, амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий  мақсади инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар тамонлама таъминлаш ва кафолатлаш эканига амин бўламиз. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган йили қабул қилинган 70 дан ортиқ қонунларда ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлик касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” тасдиқланиши ҳам мамлакат ҳаётидаги муҳим воқеа бўлди. Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”, қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномаларини ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Фармонга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг нормалари талабларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ҳам давлатимиз зиммасига юклатилган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

Давлат раҳбари куни кеча дунёнинг энг нуфузли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ташкилот минбаридан туриб, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиниши ва бу борада ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Бу эса Ўзбекистон халқаро майдонда очиқлик сиёсатини илгари сураётганидан далолат.

Инсон ҳуқуқларини таъминланиши борасида 75 йилдан буён давлатларнинг мана шу соҳаларда олиб бораётган ишларини кузатиб, таҳлиллар асосида уларга ўз тавсияларини бериш билан шуғулланувчи ушбу нуфузли ташкилотнинг тажриба ва салоҳияти, ўйлайманки, бизга ас қотади.

Илғор халқаро тажрибаларга асосланган Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм 2019 йилда йўлга қўйилиб, бу орқали маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилган бўлишига қарамай, Вакилга юборилаётган мурожаатлар таҳлили бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар борлигини кўрсатмоқда. Мисол учун, 2020 йилда Омбудсман офисига келиб тушган жами мурожаатлар таҳлил этилганда, уларнинг 1044 тасида фуқароларнинг одил судловга ҳамда 2565 тасида адолатли тергов-суриштирув ҳаракатларига бўлган ҳуқуқларини таъминлашда ёрдам сўралган.

Албатта, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жамоаси Давлатимиз раҳбари томонидан Омбудсман зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш бўйича қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари ва ОАВ билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, уларнинг якунлари юзасидан парламентга ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга таҳлилий маълумотлар тақдим этиб боради. Шунингдек, вакил номига келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили асосида мутасадди органлар вакиллари билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этиб, муаммоларни жойида ҳал этиш амалиёти кучайтирилади.

Энг муҳими, аҳолининг мурожаатлари билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечими топилишига асосий эътибор қаратилади.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон

ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)