Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ҳаракатлар стратегиясининг оддий инсонлар ҳаётига таъсири /Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюси фаолиятимизда асос бўлиб хизмат қилади/
Мамлакатимиз тарихида “Янги Ўзбекистон” номли саҳифани очиб берган тарихий ҳужжат бу 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бўлди. Бешта йўналишни қамраб олган мазкур ҳужжат бешта Давлат дастурлари орқали амалга ошириб келинмоқда. Бунинг аҳамиятли томони шундаки, 2017 йилги Давлат дастури айнан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланди ҳамда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича янги талаб ва механизмлар жорий этилди.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгиланди. Фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилишда қулайликлар яратилди. Президентнинг Халқ қабулхоналари, давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда ташкил этилган қабулхоналар фаолияти йўлга қўйилди. Парламент аъзолари ва давлат органлари раҳбарлари ҳудудларда сайёр қабуллар орқали аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларни бартараф этишга сафарбар қилинди. Натижада ҳар бир ташкилот ва идора фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди.

Қайд этиш лозимки, мурожаатлар таҳлили аҳолини қийнаб келаётган кўплаб масалаларни юзага чиқарди. Жумладан, турар-жойга эҳтиёж, “прописка”, мажбурий меҳнат, оиладаги зўравонлик, сўз эркинлигини чеклаш, турли бюрократик тўсиқлар ва шу каби оғриқли масалалар инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлаётган эди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Юртбошининг таъбири билан айтганда, “инсон ҳуқуқ ва эркинликлари”, “қонун устуворлиги”, “очиқлик ва ошкоралик”, “сўз эркинлиги”, “дин ва эътиқод эркинлиги”, “жамоатчилик назорати”, “гендер тенглик”, “хусусий мулк дахлсизлиги”, “иқтисодий фаолият эркинлиги” сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани эътиборлидир.

Давлат раҳбарининг очиқлик ва ошкоралик сиёсати инсон ҳуқуқларининг таъминланишида муҳим аҳамиятга эга. Ушбу сиёсат орқали давлат органларининг халқ олдидаги масъулияти ҳамда ҳисобдорлиги ошди. Қолаверса, жамиятдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида жамоатчилик назоратининг олиб борилишига ҳам кенг йўл очилди.

Фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан олиб борилган кузатувлар натижасида мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг жойига чиқиб ўрганилиши, шунингдек улар бўйича зудлик билан муносабат билдириш мажбуриятининг йўлга қўйилиши кўплаб юртдошларимиз муаммоларининг қисқа муддатларда ҳал этилишига сабаб бўлмоқда.

Энг муҳими, мамлакатимизда демократия кўринишларидан бири сифатида сўз эркинлиги қарор топди. Агар оммавий ахборот воситаларининг беш йил аввалги фаолиятига назар солсак, уларни “тўртинчи ҳокимият” сифатида тобора кучайиб бораётганлигига гувоҳ бўламиз. Ҳозирги кунда хабарларни яшириш ёки бошқаришнинг имкони йўқ. Ягона чора эса масалани ҳал этишдир.

Мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳам муҳим қадамлар қўйилди. Минглаб юртдошларимизнинг фуқаролиги ҳал этилиб, прописка тизимидан хабар бериш хусусиятидаги рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилди. Хорижга чиқиш учун “стикер”, мажбурий меҳнат, пахта ва ғаллага давлат буюртмасини белгилаш каби эски тартиблардан мутлақо воз кечиш бўйича ғоят муҳим қарорлар қабул қилинди.

Мамлакатимиз ҳаётидаги яна бир муҳим воқеалардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси” тасдиқланиши бўлди. Мазкур ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва унинг “Йўл харитаси”, қолаверса, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ҳамда шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Фармонга кўра, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормалари талабларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Қолаверса, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида Омбудсман ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, қийноқларга қарши курашиш борасида муҳим қадам қўйилди. 2019 йилда илғор халқаро тажрибаларга асосланиб, Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, шу орқали қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилмоқда.

Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эса миллий превентив механизм фаолиятини янада такомиллаштирилишига замин яратди. Зеро, ушбу механизмнинг самарали амалга оширилиши нафақат қийноқларга қарши курашиш самарадорлигининг кафолати, балки халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг юксалишига ҳам хизмат қилувчи омилдир.

Айтишим мумкинки, мамлакатимизда сўнгги 4 йил ичида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сифат ўзгаришлар Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши билан бошланади. Тан олиш керак, авваллари халқаро экспертлар билан суҳбатлашганда, халқаро стандартлар ҳақида сўз кетганда вазиятдан қандай чиқиб кетиш чораларини ўйлар эдик. Ҳозир бўлса, деярли барча соҳаларда андоза олишга арзигулик тажрибамиз бор. Энг муҳими, ушбу ижобий ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

2020 йилнинг октябрь ойида мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди. Бу ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланаётганлигининг халқаро эътирофидир. Чунки Ўзбекистон халқаро миқёсдаги юқори минбарлардан туриб ўз сўзини ва ташаббусларини илгари сурмоқда.

Бир сўз билан айтганда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилган самарали ислоҳотларимиз кўп, лекин, хали олдимизда кўп вазифаларимиз бор.

Президентимиз таъкидлаганидек,  “Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир.”

Давлатни ривожлантиришга барчамиз масъулмиз. Шундай экан, ҳар биримизнинг энг олий мақсадимиз  – Ўзбекистонимизни дунёнинг илғор давлатлари қаторида муносиб ўринга эга, ҳар томонлама тараққий этган ва қудратли давлатга айланишида ўз ҳиссамизни қўшиш бўлсин.

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)