TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган мактаб директори ўз лавозимига тикланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Қашқадарё вилояти Миришкор тумани 11-сонли мактаб собиқ директори Шомурод Эрназаров Вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан ноқонуний ишдан бўшатилганлиги ҳақида мурожаат қилган эди.

9 йиллик раҳбар тажрибасига эга фуқаро мурожаатида ғайриқонуний ишдан олиниши бўйича фуқаролик ишлари бўйича Қарши шаҳар туманлараро суди ҳамда Қашқадарё вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига даъво аризаси киритгани, лекин улар қароридан  норози эканлигини ёзган.

Мурожаатда қайд этилишича, Ш.Эрназаров мактаб директори лавозимига тайинланган даврдан то 2020 йилгача бирор маротаба ҳам Халқ таълими бошқармаси томонидан интизомий жазога, хизмат юзасидан огоҳлантириш ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Мазкур мурожаатни Омбудсман,  фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан ўрганганида, уни ишдан бўшатишда асос сифатида келтирилган ҳужжатлар белгиланган тартибда расмийлаштирилмагани, унда қалбаки кўрсатмалар мавжудлиги ҳамда тегишли Халқ таълими бошқармаси томонидан меҳнат қонунчилигини қатор моддалари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига қуйи инстанцияларнинг суд ҳужжатларини бекор қилиниши ҳамда янги адолатли суд қарор қабул қилиниши бўйича  Омбудсман хулосаси тақдим этилди.

Олий суд судьялари Ж.Тиркашев,  Р.Исмайлов ва Ж.Расуловлар иштирокида бўлиб ўтган суд мажлисида Омбудсман хулосаси эътиборга олиниб, биринчи инстанция суди ва Қашқадарё вилояти судининг ушбу ходим бўйича чиқарган қарорлари бекор қилинди. Шунингдек, Шомурод Эрназаровни Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармасининг ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруғи ноқонуний деб топилиб, собиқ директорни ўз лавозимига тиклаш бўйича қарор қилинди ҳамда мурожаатчига, мажбурий прогул учун 19 млн сўмга яқин компенсация ундирилиши белгиланди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот котиби