Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш – давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили
2024 йилнинг 23 февраль куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Oмбудсман) институтининг 29 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари–давлатлар барқарор ривожланишининг муҳим омили” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Мазкур халқаро тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳамда Фридрих Эберт жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Конференцияда 20га яқин хорижий мамлакатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи ваколатли органлари ҳамда халқаро бирлашма вакиллари, жумладан, Австралия, Азарбайджон, Венгрия, Италия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Марокаш, Мўғулистон, Норвегия, Пoкистон, Россия, Сербия, Тайланд, Туркия, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари Омбудсманлари ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар хусусан, БМТ ихтисослашган қўмиталари аъзолари, Европа Кенгаши, ЕҲХТнинг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венеция комиссияси экспертлари, Халқаро Омбудсманлар институти, Осиё Омбудсманлари Ассоциацияси, Германиянинг Макс Планк институти, UPR инфо вакиллари, қатор хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари ва юртимиздаги хорижий давлатларнинг фавқулодда ва мухтор элчилари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда депутат ва сенаторлар, Болалар ва Бизнес омбудсмани, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда қатор давлат ташкилотлари вакиллари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги комиссия аъзолари, фуқаролик жамияти ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари ҳамда ОАВ қатнашишди.

Ўзбекистон халқи, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш масъулиятини олган. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасига муҳрланган ушбу сатрлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ташаббуслар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида янада жадаллашди. “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғояга асосланган туб ислоҳотлар “Ўзбекистон – 2030” тараққиёт стратегияси орқали давом этмоқда.

Қайд этиш лозимки, бош қомусимиз ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча ҳудудларда бирдек ишлаши ва кўзланган натижани бериши жуда мухим. Омбудсман институти ушбу жараёнда парламент назоратининг субъектларидан бири сифатида инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши устидан парламент назоратини амалга оширишда иштирок этади. Бир сўз билан айтганда, Омбудсман фуқаролар мурожаатлари асосида ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ҳукумат эътиборини қаратади. Бу эса мамлакатда қонун устуворлиги ва адолатни таъминланишида жуда муҳим. 

Халқаро конференцияда сўнгги йилларда бевосита фуқаролар мурожаатлари билан ишловчи Омбудсман фаолиятига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ва самарали механизмлари тадбиқ қилингани, Вакилнинг мурожаатлар билан ишлаш жараёни тўлиқ рақамлаштирилгани, 2022 йилдан Обудсманнинг минтақавий вакилларининг доимий асосда иш бошлаши мурожаатларни жойида тезкорлик билан хал этилишига ҳизмат қилаётгани таъкидланди. Ўтган давр мобайнида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.

Омбудсман маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини ҳам кўриб чиқади ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Давлат раҳбарининг қарорига мувофиқ ташкил этилган Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари билан бирга мониторинг ташрифларини амалга оширади. 2019 йилда 46 маротаба, 2020 йилда 71, 2021 йилда 177, 2022 йилда 381 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 603 маротабани ташкил этди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди.

Халқаро конференция ўз ишини сессияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Сессияларда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг парламент ва фуқаролик жамияти билан инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги ҳамкорлиги, рақамлаштириш шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг долзарблиги, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида гендер тенглик ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг таъминланиши, меҳнат муносабатларининг кафолатлари ҳамда муносиб меҳнат шароитларининг яратилганлик масалалари муҳокама қилинди. Туркия, Сербия, Венгрия, Монголия, Италия, Озарбайжон, Россия, Таиланд, Марокаш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатлари Омбудсманларининг тажрибалари ўрганилди.

Тадбир доирасида  Мўғулистон ҳамда Италия давлати Омбудсманлари билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди ва тадбир якунида Тошкент резолюцияси қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати