Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ижтимоий тармоқларда тарқалган “Турмада қийноқлар” номли видео мурожаатга муносабат билдирди
2024 йил 21 февраль куни ижтимоий тармоқларда “Бухоро вилояти Отбозор турмасида маҳбусларга нисбатан қийноқлар амал қилади” мазмунида видеохабар эълон қилинди. Унда турмада маҳкумларнинг сочлари тақир калга олиниши, уларга "тефаль" ва нос киритилмаслиги, кўникма марказлари ва тинтувга оид норозиликлар билдирилган.

Ўрганиш жараёнида видео хабарда Бухоро шаҳридаги 4-сон Тергов ҳибсхонаси (ТҲ) ҳақида сўз боргани аниқланди. Мурожаат зудлик билан Омбудсман назоратига олиниб, унинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилди.

Мониторинг давомида, ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда, улар қайнатилган сув сўралган заҳотиёқ берилаётганлиги, сочлари эса фақат машинкада енгиллаштирилган ҳолда олиниши, ҳар ҳафта ювинишга етарли вақт берилаётганлиги, посилка ва бандероллар ҳамда йўқловлар орқали тамаки маҳсулотлари олаётганликларини билдиришди.

Маҳбуслар билан суҳбат давомида Омбудсман минтақавий вакилига қийноқ ҳолати бўйича мурожаатлар келиб тушмади.

“Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига кўра, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга қонунчиликда белгиланган санитария, гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.

ТҲда хавфсизлик нуқтаи назаридан тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун яқин қариндошлари томонидан электрон чойнак берилиши тақиқланган. Мониторингда ҳибсхона маъмурияти томонидан ТҲда сақланаётган шахсларни доимий равишда қайнатилган сув ва иссиқ чой билан таъминлаш мақсадида сув қайнаткич ўрнатилгани аниқланди.

Қайд этиш лозимки, “нос” тамаки маҳсулоти расмий рўйхатдан ўтказилмаганлиги, маҳсулот нимадан иборатлиги номаълум бўлганлиги сабабли, “нос” тамаки маҳсулотлари тергов ҳибсхонада сақланаётган шахсларга берилишига ҳибсхона раҳбарияти томонидан чеклов қўйилгани аниқланди.

Маълумот учун: ТҲда сақланаётган шахсларни шахсий тинтувдан ўтказиш ИИВнинг 2012 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси ИИВ тергов ҳибсхоналари ички тартиб қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғининг 36-бандига мувофиқ амалга оширилади.

Тергов ҳибсхонасига олиб келинган шахсларни 10 кун давомида кўникма марказига жойлаштириш ҳолатига аниқлик киритиш бўйича Ички ишлар вазирлигига Омбудсман назорат хати киритилди.

Таъкидлаш жоиз, Омбудсман минтақавий вакили 2024 йилнинг январь ва февраль ойларида ушбу ҳибсхонага жами 5 маротаба мониторинг ташрифини амалга оширган ва “Омбудсман қути”ларидаги мурожаатларни қабул қилган.

2023 йил якунларига кўра, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 603 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати