Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимояси
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — Омбудсман ташкил этилганининг 28 йиллиги нишонланди. Ушбу институт Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб бизнинг юртимизда таъсис этилган.

Инсон шаъни, қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳар қандай демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий таянч устунларидан ҳисобланади. Шу маънода, сўнгги йилларда мамлакатимизда Омбудсманнинг инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича мустақил миллий институт сифатидаги аҳамияти сезиларли даражада ошиб бораётир.

Ўтган давр мобайнида Омбудсман ­фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилди. Хусусан, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини ҳамда ҳудудлардаги иштирокини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Муҳими, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш йўлида ташланган қадамлар бугуннинг ўзида судлар ва Омбудсманнинг ўзаро ҳамкорлигига ижобий таъсирини кўрсатаётир.

Конституциямизга мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига кўра, Омбудсман суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди. Аммо Омбудсман ­томонидан ушбу йўналишдаги мурожаатлар “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида ўрганилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилади.

Мисол учун, 2022 йилда Омбудсман томонидан Олий судга 1 минг 600 дан ортиқ мурожаатлар юборилган бўлиб, Омбудсман томонидан кўриб чиқилган жами мурожаатларнинг 9,2 фоизини ташкил этган. Мазкур мурожаатларнинг ҳар бири судлар томонидан алоҳида ўрганилиб, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилган.

Хусусан, Олий судга юборилган мурожаатларнинг 76 фоизи умумий мазмунда бўлиб, улар бўйича фуқароларга тегишли тушунтиришлар берилган. Қолган 24 фоиз процессуал тартибдаги мурожаатлар судлар томонидан қонунда белгиланган тартибда ҳал этилган.

Қонунга кўра Омбудсман фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ҳамда даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш ҳуқуқига эга. Ушбу муҳим ваколат фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

Омбудсман мазкур имкониятдан кенг фойдаланмоқда. Мисол учун, ўтган йилда Омбудсман томонидан судларга ­фуқаролар манфаатида киритилган даъво аризалари сони 2021 йилдагига нисбатан қарийб икки баробар ошган. Буларнинг барчаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг самарадорлиги йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолат беради.

Ўтган йилда Омбудсман томонидан ­фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга жами 78 та ариза ва даъво аризаси киритилган бўлиб, шундан 75 таси ёки 96 фоизи қаноатлантирилган.

Судлар томонидан ушбу ишларни кўриб чиқиш натижасида:

— 4 нафар фуқаро ишга тикланган;

— 7 нафар фуқаронинг иш стажи қайта ҳисоблаб чиқилиб, пенсия миқдори оширилган;

— 11 нафар фуқаронинг ўлим факти, 14 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлиги факти, Мурувват уйида яшовчи 27 нафар шахснинг туғилганлиги факти белгиланган.

— 8 нафар фуқарога иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ жами 235 млн. сўм тўловлар ундириб берилган.

Омбудсман вакиллари 2021-2022 йилларда фуқароларнинг мурожаатлари ҳамда сўровлари асосида суд мажлисларида жами 151 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этган. Жумладан, жиноят судларида 45, маъмурий судларда 11 ҳамда фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларида 95 маротаба қатнашган. Бу, ўз навбатида, суд жараёнларининг очиқ ҳамда шаффоф ўтаётганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишида ҳеч қандай тўсиқлар мавжуд эмаслигини англатади.

Ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб доимий асосда ­фаолият юритиб келаётган Омбудсманнинг минтақавий вакиллари юқорида ­айтиб ўтилган жараёнларда фаол иштирок этиб келаётганини урғулаш жоиз.

Ўзбекистонда Омбудсман институти тарихан қисқа даврда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмининг ажралмас қисмига айланди. Омбудсман томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари судлар орқали ҳал этилганининг аниқ мисоллари кўп.

Масалан, 2022 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган 16 нафар маҳкума аёлнинг шикоятлари кўриб чиқилган. Суд жараёнида Омбудсман ўз фикрини билдириб, маҳкума аёллар жазонинг асосий ­қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзининг ижобий хислатларини намоён этганлигини эътиборга олишни сўраган.

Натижада суд ажрими билан 14 нафар аёл жазодан озод қилинган. Улар оиласи, яқинлари бағрига қайтарилган, 2 нафар маҳкума аёлнинг жазолари эса енгиллаштирилган.

Бошқа бир мисол: Омбудсман фуқаронинг манфаатида фуқаролик судига компенсация пулини ундириш тўғрисида даъво аризаси киритган. Ушбу аризанинг суд томонидан қаноатлантирилиши натижасида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқаро фойдасига 77 млн. сўм компенсация пули ундирилган.

Омбудсман томонидан қурилиш корхоналарида ишлаган фуқаролар манфаатида юридик шахслар устидан фуқаролик судларига шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги сабабли шартноманинг бекор қилиниши ва пул ундирилиши ҳақидаги даъво аризалари киритилган. Натижада суд қарорлари билан жавобгарлардан фуқаролар фойдасига 194 млн. сўм миқдорида пул маблағлари ундирилган.

Яна бир фуқаро Омбудсманга мурожаат қилиб, футбол клубида ишлаган турли даврлари учун иш ҳақлари берил­маётганини билдирган. Омбудсман томонидан судга даъво аризаси киритилиб, суд қарорига асосан жавобгардан фуқаро фойдасига иш ҳақи ва унга тенг­лаштирилган тўловлар ҳамда маънавий зарар учун жами 101 млн. сўм миқдорида пул ундирилган.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шу билан бирга, Омбудсман суд қарорларининг ижро этилиши бўйича ҳам салмоқли ишлар олиб бормоқда. Вакилнинг давлат органларига киритган сўровлари ва хулосалари асосида суд қарорлари ижроси таъминланиб, ноҳақ ишдан бўшатилган ходимлар ишга тикланган, Мажбурий ижро бюроси орқали алимент пуллари ёки моддий зарарлар ундирилишига эришилган.

Айтиш керакки, Олий суд ҳамда ­Омбудсман қонун ижодкорлиги, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, судьялар малакасини ошириш ва халқаро мажбуриятларни бажариш каби турли йўналишларда яқиндан ҳамкорлик олиб боради.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келяпти. Мазкур халқаро ҳужжатлардаги мажбуриятларни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури асосида Олий суд ҳамда Омбудсман ўзаро ҳамкорликда изчил иш олиб бормоқда.

Шу мақсадда Омбудсман халқаро конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарларнинг уюштирилишига доимий равишда ташаббускорлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Хусусан, ўтган йили Омбудсман, Олий суд, бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чораларини қўллаш бўйича мавжуд амалиётни ўрганишга бағишланган минтақавий конференция ҳамда судьялар учун ўқув-семинарлар ўтказилган.

Олий суд қонунчилик ташаббусига эгадир. Шу жиҳатдан қабул қилинаётган қонун лойиҳалари юзасидан Омбудсман тақдим этган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ таклиф ва хулосалар эътиборга олинаётир. Шунингдек, Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари Омбудсманга таклиф ҳамда мулоҳазалар учун тақдим этилмоқда. Унинг Пленум мажлисларида қатнашиши таъминланяпти.

Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишларидан биридир. Жорий йил февраль ойида “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” доирасида бўлиб ўтган “Судья ва ёшлар” ҳуқуқий тарғибот тадбирларида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳам фаол иштирок этди.

Умуман олганда, Омбудсман ҳамда судларнинг ўзаро яқин ҳамкорлиги ва бу йўлдаги саъй-ҳаракатлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Робахон МАҲМУДОВА,

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари