Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиззахлик фуқаро манфаатида Омбудсман томонидан судга даъво аризаси киритилди
Фуқаро З.Д. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) шикоят билан мурожаат қилиб, шикоятида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шароф Рашидов туман бўлимининг тегишли қароридан норози эканлигини, зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаб беришда ёрдам сўраган.

Мазкур мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар томонлама ўрганилиши учун у Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ўткир Жўраевга юборилди.

Аниқланишича, фуқаро ҳақиқатдан ҳам 1996-1998 йилларда Жиззах вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳамда 1998-2022 йилларда Жиззах вилоят силга қарши кураш диспансери болалар бўлимида кичик тиббий ходим бўлиб ишлаган.

Омбудсман томонидан фуқаро З.Д.нинг шикояти асосида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига ариза киритилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2022 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, З.Д.нинг 1996 йил 24 майдан 2022 йил 16 декабргача “Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 5-бандига мос равишда зарарли иш ўрнида ишлаганлик факти тасдиқланди.

Суд томонидан ҳуқуқни тикланиши фуқаро З.Д.га имтиёзли асосда 50 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини таъминлайди ҳамда ариза Омбудсман томонидан киритилганлиги учун фуқаро давлат божи тўлашдан озод этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати