Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати давлат ҳимоясида: қийноқларни олдини олиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси
Ўзбекистон халқи, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлат, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш масъулиятини олган. Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муқаддимасига муҳрланган ушбу сатрлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади.

Қолаверса, умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган Бош қомусимизда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган нормалар аввалгисидан 3 бараварга кўпайган. Хусусан, агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги олий юридик мақомга эга бўлган ҳужжатда қатъий белгиланди. Бу эса қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган муҳим қадам.

Шу кунларда 75 йиллиги нишонланадиган муҳим халқаро тарихий ҳужжат ҳисобланган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 5-моддасида ҳам ҳеч ким қийноққа ёки шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни хўрловчи муомала ва жазога дучор этилмаслиги кераклиги белгиланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 20 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бораётганини нуфузли минбардан туриб қатъий таъкидлаган эдилар.

Маълумки, Ўзбекистон қийноқларнинг олдини олиш ҳамда унинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш бўйича ўзининг қатъий позициясига эга. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида 2019 йилда Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм йўлга қўйилди. “Омбудсман плюс” модели асосида ташкил этилган МПМ ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг мунтазам равишда кириши ва у ерда сақланаётган фуқаролар шароитларини ўрганиши, улар билан мулоқот қилишига замин яратди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан мамлакатимизда қийноққа қарши курашиш механизмлари ҳам такомиллаштирилиб борилди. Хусусан, Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 сентябрдаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафақат ушбу иллатни барвақт аниқлаш, бартараф этиш, балки қийноқдан жабр кўрган инсонларга ҳар томонлама ёрдам бериш ва уларга етказилган зарарни компенсация қилишга ҳам қаратилди. Шунингдек, қарор билан Омбудсман ҳузуридаги МПМ ҳам такомиллаштирилиб, эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилди.

Биргина 2022 йил якуни бўйича 381 маротаба мониторинг ташрифи амалга оширилган бўлса, 2023 йилнинг 10 ойлигида бу кўрсаткич 452 маротабани ташкил этди. Натижада қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилди. Мониторинг ташрифлари давомида аниқланаётган камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот ва ахборотлар, хулоса ва тақдимномалар ҳамда талабномалар тайёрланиб, мутасадди вазирлик ва идораларга кўриб чиқиш учун юборилмоқда. Бундан ташқари, ушбу мониторинг натижалари Вакилнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этадиган йиллик ахборотида ҳам акс этади.

Шунингдек, жорий йилда БМТнинг тегишли қўмитасига Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши конвенциянинг бажарилиши бўйича Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботига Омбудсман томонидан муқобил маъруза киритилди. Унда  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва Омбудсман ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда  2020 йилдан ҳозирги кунгача амалга оширилган мониторинг ташрифлари ва маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари билан ишлаш йўналишидаги  маълумотлардан фойдаланилган.

Таъкидлаш лозимки, қийноққа қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида сўнгги йилларда қийноқ ҳолатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо чоралари оғирлаштирилиб, ҳаттоки, уларга нисбатан афв қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди.

Қолаверса, мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиш мақсадида қонунчиликка алоҳида модда киритилган ва қийноқни қўллаган шахсга нисбатан оғирлаштирувчи нормалар қўлланилиши белгиланган. Жиноят Кодексининг 235-моддаси қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш учун жиноий жавобгарликни назарда тутади. Бу каби нормалар кўплаб давлатлар қонунчилигида мавжуд эмас.

Давлат раҳбарининг юқорида тилга олинган қийноқларни олдини олиш бўйича тегишли қарорида ушбу иллатга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланди. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиётининг жорий этилиши шулар жумласидандир.

Ушбу механизм тегишли орган ва идоралар ходимларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар, жумладан, қачон олиб келингани, сабаби, тиббий ҳолати ва бошқа фактларни тезкорлик билан электрон реестрга киритиш мажбуриятини юклайди. Бу эса бирор бир шахсни бесабаб ушлаб туриш, маълумотларни яшириш, жисмоний куч ишлатиш йўли билан кўрсатма олишга уриниш каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ушбу электрон реестр маълумотлари билан онлайн танишиш имконияти Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), судлар ва прокуратура органларига ҳам берилаётгани очиқликни таъминлаш билан бирга масъулият ва назоратни янада кучайтирилишини таъминлайди.

Шундай қилиб, жиноят содир этишда гумон қилиниб ушланган, маъмурий қамоққа олинган, муайян яшаш жойига эга бўлмаган, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиб, психиатрия стационарларида ёки наркология муассасаларида мажбурий даволанаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар Ягона электрон реестрга мажбурий равишда киритиб бориш тартиби белгиланмоқда.

Янги тартибларга кўра, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар ҳақидаги маълумотларни белгиланган муддатда Ягона электрон реестрда рўйхатга киритмаслик ушбу шахсларни ноқонуний ушлаб туришга тенглаштирилади ва қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Таъкидлаш лозимки, давлат жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларнинг жамиятга мослаштириш борасида ҳам тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда. Уларни қайта жиноят содир этмасликлари учун касбга ўқитиш, иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 5 сентябрдаги қарорига кўра янада такомиллаштирилди. 2023 йил 1 октябрдан озодликка чиққан шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларни рағбатлантириш мақсадида ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг БҲМнинг 3 баравари миқдорида бир марталик субсидия ажратилиши белгиланди. 

Бирор бир касбий кўникмага эга бўлмаган шахслар, дастлаб, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида ўқитилади. Кейинчалик, улар ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштирилади.

Дарҳақиқат, инсон қадр-қиммати ва манфаатларини таъминлаш бўйича бошлаган ислоҳотлар янги конституциявий маконда янада қатъий давом эттирилиши Давлат раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригида алоҳида қайд этилди.

Юртбошимиз инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги ва унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид келадиган ҳар қандай ҳаракатларга қарши курашиш энг долзарб вазифаларимиздан эканлигига урғу берди. Ушбу йўналишда асосий эътибор самарали ҳуқуқий механизмларни жорий этишга, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани ва бошқа инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилади - деди Шавкат Мирзиёев.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши устидан парламент назоратини амалга оширувчи Омбудсман институти ҳам ўз фаолиятини янада кучайтиради. Жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш орқали пенитенциар муассасаларда ҳам парламент ҳам жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёпиқ муассасаларга электрон Омбудсман қутиларини ўрнатиб, маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини онлайн қабул қилиш механизмларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва унинг фаолиятини рақамлаштириш орқали мурожаатлар билан ишлаш механизмлари такомиллаштирилади.

Шунингдек, Бош қомусимиз асосида инсон қадрини юксалтириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг республика бўйлаб бирдек ишлаши ва натижа бериши учун Омбудсман фаолиятига оид тегишли  қонунда назарда тутилган вазифалар асосида худудлардаги Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятини кучайтириш мақсад қилинган. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, “Инсон ҳуқуқлари олий қадрият” ва  бу Конституциямизнинг бош ғоясидир.

Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)