Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижондаги “Саховат уйи”да қарияларни калтакланиши ҳақидаги хабарлар асоссиз бўлиб чиқти
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ихтисослашган интернат уйида яшовчи Азимжон Ҳакимовнинг “Саховат уйи”да яшовчилар уриб, калтакланиши, уларга шифокорлар умуман, қарамаслиги, ходимлар вақтида ишга келмаслиги, ўғирликлар, талон-тарожликлар авжига чиққани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнора Абдувохидова ишчи гуруҳ тузиб, ҳолатни жойига чиқиб ўрганди.

110 ўринга мўлжалланган мазкур муассасада ҳозирда 95 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилаётганлиги аниқланди.

Минтақавий вакил муассасада яшаётган кўплаб кексалар билан шахсан суҳбатлашиб ҳолатни ўрганганида улар яратилган шароитлар, кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди. Уларнинг сўзларига кўра, бир неча йилдан буён бир неча маротаба шу каби ёлғон уйдирмалар тарқатилган, текширувчилар келиб текширишганида ҳеч қандай камчиликлар топа олишмаган.

Ahrortv телеграмм канали орқали тарқатилган хабарнинг асосий қаҳрамони бўлган ва ушбу  “Саховат уйи”да яшовчи Азимжон Ҳакимов билан ҳам суҳбатлашилганда, у ҳам муассасадаги шароитлар жуда яхши экани, шу кунга қадар давлат ҳисобидан бир неча маротаба жарроҳлик амалиёти ўтказилгани ва шифокор ҳамда ҳамширалардан мамнун эканини билдирди.

Мониторинг давомида Андижон “Саховат” интернат уйида яшовчи қарияларнинг яшаш хоналари, овқатланиш, дам олиши, тиббий ёрдам кўрсатиш шароитлари, шунингдек, кутубхона ва спорт заллари кўздан кечирилди ва камчиликлар аниқланмади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати