Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инклюзив ногиронлик ва гендер-сезгир мулоқот масалалари муҳокама қилинди
2024 йилнинг 23-24 апрель кунлари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда “Инклюзив ногиронлик ва гендер-сезгир мулоқот” мавзусида семинар ўтказилди. 

Семинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ва Котибияти ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этишди. 

Омбудсман Ф.Эшматованинг сўзларига кўра, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тенг шароит ва имкониятлар яратиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймасликка қаратилган тизимли чоралар кўрилмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Омбудсманга 2023 йилда ногиронлиги бўлган шахслардан 133 та мурожаат келиб тушган. Назоратга олинган мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал қилиниб, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тикланган. Мурожаатларда ногиронлик гуруҳини белгилаш, уни қайта кўриб чиқиш, моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда ижтимоий имтиёзлар татбиқ этиш масалалари кўтарилган. 

Шунингдек, 2023 йилда БМТнинг тегишли қўмитасига Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг ижро этилиши бўйича Омбудсман маърузаси киритилган. 

Жорий йилда жамиятда ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳуқуқ соҳасига бўлган қизиқишини ҳамда билимларини оширишга қаратилган "Ҳуқуқ билимдони" омбудсман викторинаси ўтказилди.  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган викторинада Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган таянч ҳаракати шикастланган болалар учун мактаб-интернатларининг 750 нафарга яқин ўқувчилари қамраб олинди. 

Тадбирда Омбудсманнинг ногиронлиги бўлган шахсларга тенг имкониятлар яратиш борасидаги ўрганишлари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларни имконияти чекланган шахсларга мослаштириш бўйича Омбудсман ташаббуси билан ишлаб чиқилган йўл харитаси ва унинг амалга оширилиши ҳолати ҳақида сўз борди. 

Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш борасида тизимли ўрганишларни олиб борувчи Омбудсман Котибияти ходимлари ва Вакил билан ҳамкорликда ишловчи жамоатчилик вакиллари учун ташкил этилган семинар интерактив усулда ташкил этилди. 

Унда иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари, улар билан самарали коммуникация ўрнатиш усуллари, жамиятдаги ва ОАВдаги мавжуд гендер стереотиплар ҳамда гендер-сезгир мулоқот услублари бўйича кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлишди. 

Ўзаро савол-жавоб ва қизғин муҳокамаларга бой бўлган 2 кунлик семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати