Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти сенаторлар диққат марказида
Бугун, 26 февраль куни Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, 2023 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 18622 та мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаатларнинг таҳлилига кўра, уларнинг 3586 таси ижтимоий ҳуқуқ, 1 646 таси мурожаат этиш ҳуқуқи ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 3 322 таси иқтисодий ҳуқуқлар, 1 991 таси шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, 316 таси экологик ҳуқуқ ҳамда 970 таси бошқа ҳуқуқларга тааллуқлидир.

Ҳисоботда қайд этилганидек, минтақавий вакиллар муаммоларни жойида ҳар томонлама ва тезкор ҳал этиш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр қабуллар ташкил этди. 2023 йилда минтақавий вакиллар томонидан 130 та таъсир чоралари бўйича ҳужжатлар тайёрланиб, уларнинг ижроси таъминланишида иштирок этилган. Хусусан, улар иштирокида тайёрланган 18 та Омбудсман хулосаси давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларига киритилди ва уларнинг 11 таси ёки 61,1 фоизи тўлиқ қаноатлантирилди.

Сенаторлар томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахсларига Омбудсман номидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалар ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосаларнинг ижроси қай даражада эканлиги муҳокама қилинди.

Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида фуқароларимизнинг онги ва тафаккури, дунёқараши ўзгариши билан уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти оширишга қаратилган тарғибот тадбирларини кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Мажлисда якунида кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

senat.uz