Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистон Республикасининг чекка ҳудудларида яшовчи фуқаролар мурожаатлари ўрганилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан аҳоли хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили ташаббуси билан аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган «Омбудсман мактаби» лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Қорақалпоғистон Республикасининг чекка туманларидан бири бўлган Бўзатов туманида ўтказилди.

Тадбирда маҳалла фаоллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад давлатимизда ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва бепул юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишдан иборат.

Тадбир сўнгида Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилининг сайёр қабул ўтказилди. 

Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди Бунда фуқаролар ўзларига қулай иш ўринлари билан танишишди. Меҳнат ярмаркасида 12 нафар фуқарога ишга жойлаштириш бўйича тегишли ташкилотларга йўлланмалар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари