Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман мурожаатидан сўнг давлат ижрочисига нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент шаҳридан фуқаро аёл Н.М. мурожаат қилиб, ундан жиззахлик фуқаро А.Б. 43,4 млн сўм қарздорлигини, қарздорнинг ундирувга қаратилиши мумкин бўлган машинаси бўлишига қарамай ҳали ҳануз давлат ижрочилари томонидан қарз ундирилмаётгани бўйича мурожаат қилди.

Мурожаатчи аёлнинг маълум қилишича, 2021 йилда турмуш ўртоғи вафот этган ва ҳозирда 3 нафар фарзанднинг ягона боқувчиси ҳисобланади. Жиззахлик фуқаро А.Б. мурожаатчининг марҳум турмуш ўртоғидан қарздор бўлган. Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти Пахтакор туман судининг 2022 йил 12 февралдаги зарар ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Жиззах вилояти Пахтакор туман бўлимига 2022 йилнинг август ойида келиб тушган. Лекин, шу кунга қадар қарздорлик ундирилмаган.

Мурожаатчи аризасида қарздор А.Б.нинг "Cobalt"  русумли автомобили Пахтакор туманида эркин ҳаракатланиб юрган бир пайтда Пахтакор туман МИБ ходимлари суд қарорини ижро этиш учун бориб, холислар иштирокида автотранспорт воситаси йўқлиги ҳақида далолатнома тузиб, ундирувчига юбориш билан чекланганини қайд этган.

Мазкур мурожаат Омбудсман назоратига олингач, ҳолат Жиззах вилоят прокуратураси томонидан ўрганилди. Аниқланишича, ижро ҳужжати бўйича қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланган, қарздор номида ундирувга қаратиш мумкин бўлган "Cobalt" русумли автотранспорт воситаси борлиги аниқланган ва унга нисбатан онлайн тақиқ қўйилган.

Ушбу автотранспорт воситасини топиш бўйича давлат ижрочиси томонидан кўрилган чоралар натижасиз бўлганлиги боис автомашинага нисбатан 2023 йил январь ойида қидирув эълон қилинган ва қарор ижро қилиш учун Жиззах вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБга юборилган.

Жиззах вилоят прокуратурасининг Омбудсманга маълум қилишича,  мурожаатни кўриб чиқиш давомида 2023 йил 29 март куни қарздор ҳисобидан ундирувчи фойдасига 43,4 млн сўмдан 1,7 млн сўм ундирилиши таъминланган.

Ҳозирда қолган қарзни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, давлат ижрочисига нисбатан суд ҳужжати ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйганлиги учун интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Ушбу мурожаат Омбудсман назоратида. Омбудсман ходимлари мурожаат эгаси, 3 нафар фарзанднинг ягона боқувчиси бўлган бева аёл билан боғланишганда, апрель-май ойларида ҳеч қандай қарздорлик ундирилмагани маълум бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман МИБнинг Жиззах вилояти Пахтакор туман бўлими ходимларидан қарздорликнинг қолган қисмини ҳам марҳум ундирувчининг турмуш ўртоғига ундирилишида сусткашликка йўл қўймасликларини сўрайди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати