Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
2022 йилда Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига киритилган таъсир чоралари 33,8 фоизга ошган
Бугун, 4 апрель куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда навбатдаги ялпи мажлис кун тартиби доирасида кўриб чиқилиши назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ва бир қатор қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ҳисобот даври мобайнида 10 та асосий йўналиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига 142 та таъсир чоралари, шу жумладан, 25 та тақдимнома, 39 та хулоса ҳамда судларга 78 та даъво аризалари киритилган.

2022 йилда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан таъсир чоралари 2021 йилга нисбатан 33,8 фоизга, 2020 йилга нисбатан эса 3,5 баробарга ошган.

Мажлисда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар ҳисобот даврида 17 761 тани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 977 тага ёки 5,2 фоизга камайганлиги таъкидланди.

Шунингдек, 2022 йилда Омбудсман томонидан парламент назорати субъекти сифатида 3 974 та мурожаат назоратга олиниб, уларнинг 1096 таси ижобий ҳал қилинган.

Бундан ташқари, Сенат навбатдаги ялпи мажлисда муҳокама қилишни режалаштирган қонунлар ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

senat.uz