Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар масалалари бўйича миллий комиссиясининг 2022 йилдаги фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Болалар масалалари бўйича миллий комиссия ҳамраисининг 2022 йилда амалга оширилган фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, Миллий комиссия ва ҳудудий комиссиялар томонидан 5 497 та муҳокама ўтказилиб, уларда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича 12 422 та иш кўриб чиқилган. Шунингдек, 1104 та идора ва ташкилотнинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолияти ўрганилган ва уларга нисбатан 493 та тақдимнома киритилган.

Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаганлиги учун 5 227 нафар ота-она маъмурий жавобгарликка тортилган, 2054 нафар болага ҳамда 1306 нафар ота-онага якка тартибда профилактик иш олиб борилиши белгиланган.

Оилалар ва болалар муассасаларига қаровсиз ва назоратсиз қолган 11 162 нафар бола жойлаштирилган.

Ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилгани, болаларни тарбиялашдан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортгани учун 652 нафар боланинг ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситувчи 29 та ҳолат юзасидан тегишли назорат ўрнатилган.

Ўз вақтида туғилганлик гувоҳномасини олмаган 412 нафар болага гувоҳнома берилган. Бундан ташқари, 528 нафар бола гувоҳнома олмагани аниқланиб, бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда.

 “Меҳрибонлик” уйлари, Болалар шаҳарчаси ва “SOS” болалар маҳаллалари уюшмаси қарамоғидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар оилаларга, яқин қариндошлари тарбиясига ўтказиш натижасида 13 та меҳрибонлик уйига, 4 та болалар шаҳарчаси ва 4 та болалар уйига эҳтиёж қолмагани учун уларнинг фаолияти тугатилган.

Уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун 2022 йилда 397 та уй-жой харид қилинган. Шу мақсадда  Давлат бюджетидан 57 млрд сўм маблағ йўналтирилган.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш бўйича “Меҳр дафтари” тизими йўлга қўйилиб, “Меҳр дафтари” жамғармасига 86,1 млрд сўм маблағ ажратилган.

Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар ҳам мавжудлиги Қўмита мажлисда алоҳида таъкидланди.

Мажлис сўнгида мавжуд камчиликларни ҳал этиш, айниқса, 2023–2030 йиллар давомида Ўзбекистонда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш тизимини деинституционализация қилиш бўйича Миллий стратегия ҳамда тегишли Ҳаракатлар режасини тасдиқлаш ҳамда унинг ижросини таъминлаш бўйича  масъул  ижрочилар билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб бориш юзасидан тегишли Қўмита қарори қабул қилинди.

senat.uz