Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Human Rights Watch” ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботи бўйича муносабат
“Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти 2022 йилги ҳисоботида, 2022 йилнинг 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган намойишларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан намойишчиларни тарқатиш мақсадида ҳаддан ташқари куч ишлатгани оқибатида кўплаб фуқаролар оғир тан жароҳати олгани ва баъзилари вафот этгани айтилган. Шунингдек, намойишларда 500 дан ортиқ шахслар ҳибсга олингани ва ушбу ахборот тайёрланаётганда уларнинг қанчаси ҳибсда сақланаётгани номаълум эканлиги қайд этилган.

Шуни маълум қиламизки, 2022 йилнинг 12 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия Бош прокуратурага сўров киритиб, масалага ойдинлик киритган ва ўша пайтда мазкур иш юзасидан 39 нафар шахс қамоқда сақланаётгани кенг жамоатчиликка маълум қилинган.

Намойишларни бостириш ва қамоқда сақлаш вақтида қўлга олинганларга нисбатан қийноқ ҳолатларининг қўлланилгани масаласи Мустақил комиссия аъзолари томонидан ўрганилган. Шунга кўра, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар ва маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўйиб юборилганлар билан ўтказилган учрашувлар таҳлилига кўра, руҳий ва жисмоний қийноқ ҳолатлари хусусида бирор бир маълумот аниқланмади.

Бундан ташқари, Д.Тажимуратов билан ўтказилган учрашувлар натижасида, у сақлаш жойи ва шароити, қийноқ ҳамда руҳий босимлар бўлмаганлиги хусусида маълум қилган эди. Лекин, суд жараёнида у айнан ушлаш вақтида унга тан жароҳат етказилганлгини билдириб ўтган.

“Human Rights Watch” ташкилотининг 2022 йилги ҳисоботида Қорақалпоғистонда содир бўлган намойишлар бўйича мустақил ўрганиш ишларини олиб бораётган Комиссия таркиби уни ҳақиқатдан ҳам мустақил деб тан олинишига имкон бермаслиги қайд этилган. Лекин, бу фикр асослантирилиб берилмаган. Ушбу инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотнинг айнан қайси Комиссия аъзоларига нисбатан ишончсиз кайфиятда экани очиқланмаган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлида фаолият олиб борувчи “Human Rights Watch” халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотининг Комиссия аъзоларини қадр-қимматини камситилишига ва ҳурматсизлантирилишига олиб келувчи ушбу хулосаси умумэътироф этилган халқаро нормаларга зид эканлигига ишончимиз комил. Қолаверса, Комиссиянинг якуний хулосаси ҳам ҳали эълон қилинмаган. Демак, хулоса чиқаришга ҳали эрта.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати