Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Жиззах вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг ҳолати ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентимизнинг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қийноқларнинг олдини олиш мақсадида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини амалга ошириб келмоқда.

Навбатдаги ташриф, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Жиззах вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилди.

Ташриф давомида, Жиззах вилоятидаги 29 ва 30-сон Манзил-колониялари, Жиззах шаҳар, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманлари ички ишлар органларининг Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига, вилоят Ички ишлар бошқармасининг Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлашга мўлжалланган Махсус қабулхонаси ва Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни Реабилитация қилиш маркази, шунингдек Руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ва Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Жиззах вилояти минтақавий филиалларидаги шарт-шароитлар ўрганилди.

Шу билан бир қаторда, 29-сон Манзил-колонияга амалга оширилган мониторинг ташрифи доирасида колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан Жиззах вилоятининг Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва аҳолини иш билан таъминлаш бошқармалари, Ички ишлар бошқармасининг пробация хизмати ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармалари, шунингдек вилоят прокуратураси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ иштирокида сайёр қабул амалга оширилди. Қабулда 20 дан ортиқ маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилиниб ижрога қаратилди.

Ушбу колонияда ва 30-сон Манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни иш билан таъминлаш чоралари кўрилган. Маҳкумлар тикувчилик, нон, пластик ромлар ишлаб чиқариш ва балиқ маҳсулотларидан консерва тайёрлаш цехларида, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва чорва молларини етиштириш билан банд қилинган.

Жиззах шаҳар, Ғаллаорол ва Ш.Рашидов туманлари ички ишлар органларининг Вақтинча сақлаш ҳибсхоналарига амалга оширилган ташрифлар давомида бир қатор салбий ҳолатлар мавжудлиги маълум бўлди.

Хусусан, сув-оқава тизими, ювиниш хоналари, ҳожатхоналар, сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари таъмирталаб ҳолда. Ушбу салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан юқоридаги Қарорга асосан мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялар киритилди.

Ташриф давомида, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳкума Қ.М.нинг ҳомиладорлигини инобатга олиб, унга нисбатан тайинланган жазони озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига Омбудсманнинг сўров хати киритилди. Мазкур хатга кўра, маҳкума Қ.М.га нисбатан бўлган жиноят иши апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, унга нисбатан чиқарилган ҳукмнинг ижроси бир йилдан ошиқ бўлмаган муддатга кечиктирилиши белгиланиб, у суд залидан озод этилди.

Қайд этиш жоизки, сўнги йилларда Омбудсман томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифларида Руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ва Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудлардаги филиалларига амалга оширилмоқда. Ушбу мониторинг ташрифи давомида ҳам Жиззах вилоятидаги ушбу муассасалардаги шароитлар ўрганилди.

Ўрганиш давомида, ушбу муассасалар дори-дармонлар, тиббиёт даволаш воситалари билан таъминлаганлиги, беморларга озиқ-овқат бериш сифати кўздан кечирилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати