TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Хоразмдаги вакили ҳибсхонада сақланаётган маҳбус мурожаатини ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Хамро Бектемировга Вилоят ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасида ушлаб турилган маҳбус мурожаат қилган эди.

Омбудсман қутиси орқали юборилган ушбу мурожаатни ўрганиш мақсадида Хамро Бектемиров тегишли ҳибсхонага бориб маҳбус билан учрашди.

Қабул давомида маҳбус анча йиллардан бери оёқ оғриғидан қийналиб келиши, лекин касаллик зўрайгани сабабли чуқурлаштирилган тиббий хизмат кўрсатилишида ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат жойида ҳал этилиб, бемор маҳбусга сифатли тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланди ва ҳибсхона раҳбариятига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Минтақавий вакил томонидан тавсиялар берилди.

Шу куни, Омбудсманнинг Хоразмдаги вакили яна бир фуқаронинг мурожаатини ҳал этди. Анчадан буён иш қидириб юрган аёл Вилоятдаги мактабгача таълим муасасасаларнинг бирига тарбиячи сифатида ишга жойлаштирилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати