TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Хоразм вилоятидаги болалар уйи тарбияланувчилари билан учрашди
Жорий йилнинг 17 март куни Хоразм вилояти, Хива шаҳридаги Болалар шаҳарчасида “Мен эмас, биз уддалаймиз” шиори остида форум ташкил қилинди. Форумда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакили – Алия Юнусова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Индира Ҳолдорова, вилоят Кенгаши раиси Исломбек Юлдашев, Хива шаҳридаги Болалар шаҳарчаси ҳамда Урганч туманидаги оилавий болалар уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.

 Форум доирасида бояга етмаган ёшлар ўртасида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини олдини олиш бўйича болалар пресс-клуби сессияси ташкил этилди. Мазкур сессияда Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова мамлакатимизда болалар ҳуқуқларининг ҳуқуқий кафолатларига алоҳида тўхталиб ўтди.

Таъкидланишича, бола ҳуқуқларини таъминлашга оид Ўзбекистон Республикасининг сиёсатини амалга ошириш БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатларнинг қоидаларига асосланади, улар 100 дан ортиқ қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда амалга оширилади, улар орасида Республика Конституцияси устувор ўрин тутади. Ўзбекистон, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги ва "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунлар ва бошқалар болалар ҳуқуқларига риоя этилиши ва ҳимоя қилинишини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базасини ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратган.

Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан, менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомала, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳимоя қилиш, миллий меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонлигини ошириш орқали муҳим ислоҳотлар бошланди. Мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш тугади. Ота-она қарамоғисиз қолган болаларни, шунингдек, ногирон болаларни интернатларга жойлаштиришни камайтириш ва олдини олиш мақсадида болаларни деинституционализация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз нутқида Давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлигини таъкидлагани ва бу боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда жуда ҳам муҳим сиёсий қарор эканини қайд этди.

Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман институтининг таъсис этилгани болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми ҳисобланади, чунки бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман болалар номидан сўзлаш ҳуқуқига эга бўлган ва айни вақтда ўз фаолиятини фақат уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирадиган мустақил органдир.

Самимий мулоқот ва савол-жавоб тарзида ташкил қилинган сессия давомида тарбияланувчилар кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлишди.

 Форумнинг маданий қисмида Болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари томонидан театр томошалари, гўзал рақслар ва бошқа саҳна кўринишларига бой концерт дастури ижро этилди. Форумга ўз ижролари билан байрамона ва кўтаринки кайфият бахш этган  истеъдодли болалар махсус сертификат ва эсталик совғалари билан тақдирландилар.

 Форум доирасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болалар шаҳарчасида яратилган шароитлар, жумладан замонавий моддий-техник база, кутубхона,  спорт майдончалари билан яқиндан танишди.

 Куннинг иккинчи ярмида форум мехмонлари Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактабига ҳам ташриф буюриб, у ердаги яратилган қулайликлар билан яқиндан танишишди.

Шундан сўнг ижод мактабида ташкил қилинган Сардорлар хонасида вилоят Сардорлар Кенгаши сардорлари, ижод мактаби сардорлари ҳамда мехмонлар иштирокида суҳбат ташкил қилинди.

Алия Юнусова сардорлар билан суҳбатда улар бола ҳуқуқларини таъминлашда Болалар омбудсманининг яқин кўмакчилари ҳисобланиши ва бир салбий ҳолатга гувоҳ бўлсалар бу ҳақда дарҳол Омбудсманга хабар беришлари кераклигини тайинлади.  

Биргаликда ҳаракат қилсак, жамиятда боланинг шахсига ҳурматни кучайтириш, жамоатчилик онги даражасини ошириш, давлат тузилмалари томонидан, ота-оналар ва уларни ўрнини босувчи шахслар томонидан боланинг шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний ҳамда энг устун манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилинишига эришамиз.

 Форум доирасида ташкил қилинган лойиҳалар ва учрашувлар орқали 200 нафарга яқин ёшлар қамраб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати