Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар Ўзбекистон учун доимо устувор
Мамлакатимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, “Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги Давлат раҳбарининг қатъий талабидир. Шу нуқтаи назардан, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, конституциявий жараёнлар натижасида, Бош қомусимизда инсон қадри, манфаати учун хизмат қиладиган нормалар амалдагисидан 3 бараварга кўпайди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли таъминлаш демократик янгиланишларнинг устувор йуналишларидан ҳисобланади. Бу жараёнда давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари, суд-ҳуқуқ идоралари, шунингдек, мансабдор шахслар — давлат амалдорлари фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш орқали инсон ҳуқуқларининг таъминланишига эришиш мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) парламент назоратининг субъектларидан бири сифатида давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиниши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатига эга.

Айни пайтда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликнинг умумэътироф этилган тамойиллар ҳамда халқаро нормаларга уйғунлигини таъминлаш мақсадида уларни таҳлил қилиб бориш парламент Омбудсманининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ҳар қандай ҳуқуқий давлатда қонун ижодкорлиги фаолияти инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини кафолатловчи энг муҳим қоидаларга асосланади. Ушбу талаб миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва принципларига мувофиқлаштирилиш орқали таъминланади.

Таъкидлаш жоизки, қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолият самарадорлиги қонун лойиҳаларини ҳар томонлама ҳуқуқий экспертизадан ўтказишга боғлиқдир. Жумладан, ҳуқуқни ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳаларининг экспертизаси ўта муҳим ва мураккаб жараён ҳисобланиб, уларда, энг муҳими, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига қаратилган.

Омбудсман институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилган, “project.gov.uz” орқали келиб тушган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, бошқа вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилиб чиқилади. Хусусан, 2023 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон Республикасининг 20 та қонун лойиҳаси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг 150 моддалари ва бандларига таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилди.

Маълумки, инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид ечимини кутаётган муаммолар айнан мурожаатлар билан ишлаш бўйича кундалик амалиётда, мониторинг ташрифлари ва ўрганишларида юзага чиқади.

Шу нуқтаи назардан, Янгиланган Конституциямизда Омбудсман институти қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Парламент Қуйи палатасига киритишга хақли экани белгилаб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, 2023 йилнинг 9 ойи давомида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 10211 та мурожаат келиб тушди. Омбудсман номига келиб тушаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиниб, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади. Чунки, мурожаатлар таҳлили соҳалардаги тизимли масалаларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконини беради.

Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган маҳкум ва маҳбуслар мурожаатларини ҳам кўриб чиқади. Шунингдек, 2019 йили жорий этилган Омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида пенитенциар муассасаларга жамоатчилик вакиллари билан биргаликда мониторинг ташрифларини амалга оширади. Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан Омбудсман ҳузуридаги МПМ фаолияти янада такомиллаштирилди. Жумладан, Омбудсман ҳузурида Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилди.

Қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш борасида Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари билан биргаликда жорий йилнинг 9 ойи давомида қамоқда сақлаш жойларида 452 та мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган. Мониторинг ташрифлари давомида бу жойларда сақланаётган шахсларнинг сақлаш шароитлари, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда уларга нисбатан бўладиган муносабат ва муомала ҳолатлари ўрганилади ва улар билан суҳбатлар ўтказилади.

2017-2023 йиллар давомида маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада такомиллаштиришга қаратилган 3 та қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони, 6 та қарори, Ҳукуматнинг 11 та қарори ва фармойишлари, 14 тадан ортиқ бошқа норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши мумкин эмаслиги ҳамда 28-моддасида озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан инсоний муомалада бўлиниши мустаҳкамланди.

Мухтасар қилиб айтганда, жорий йилнинг 8 май куни Юртбошимиз Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокамасига бағишланган мажлисда Барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш асосий мақсадимиз эканлигини алоҳида қайд этди.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлар, ўз навбатида, парламент Омбудсманига мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таъминлашда катта масъулият юклайди.

Саидбек АЗИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири