Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Маҳкумнинг бевақт ўлими ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди
10 йил муддатга озодликда маҳрум этилган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Бахром Ҳайдаровнинг жазони ижро этиш муассасасидаги вафоти кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан назоратга олинган ҳолда ўрганилди.

Маълум бўлишича, марҳум Б.Ҳайдаров республикада ягона ҳисобланувчи маҳкумларни даволашга мўлжалланган Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сон Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада жазо муддатини ўтаётган, яъни даволанаётган бўлган.

Ушбу касалхона мингдан ортиқ маҳкумни даволашга ихтисослашган бўлиб, 200 га яқин шифокор ва фельдшерлар хизмат олиб боради. Мазкур муассаса маҳкумларни даволашга ихтисослашган республикадаги ягона касалхона бўлганлиги учун зарурий ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан мазкур касалхонага мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинган, касалхона ҳудудида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар доимо иш юритувига олинган.

Касалхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, марҳум Б.Ҳайдаров “Юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия-III. Хавф-IV (Ўта юқори)” ташхиси билан 2024 йил 5 март куни соат 00:15ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида вафот этган.

Ушбу ҳолат ҳақида касалхона раҳбарияти томонидан махсус прокурорга ва Жазони ижро этиш департаментига маълумот ҳамда марҳумнинг яқин қариндошларига хабар берилган. Махсус прокуратура томонидан суд-тиббий экспертлар жалб қилинган ҳолда текширув ўтказилган. Шу куни соат 8:30ларда марҳум ўғли ва қудаси томонидан олиб кетилган.

Шу куниёқ Омбудсманнинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари ва яқинлари билан суҳбатлашди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура идоралари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар янгилик ва хабарлар билан танишаётганингизда расмий манбаларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати