Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сенат қўмитаси: 2023 йилда Омбудсман номига 18 622 та мурожаат келиб тушган
2024 йилнинг 28 февраль куни Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларнинг доимий комиссиялари, экспертлар, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган йилда Омбудсман ўз фаолиятини янги конституциявий қоидалар асосида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш, соҳага оид миллий қонунчиликни ҳамда миллий превентив механизмни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратган. Айниқса, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга жиддий ёндашган.

Ҳисобот даврида Омбудсман номига 18 622 та мурожаат келиб тушган. Фуқаролар мурожаатлари асосида уларнинг манфаатларига 1,85 млрд сўм ундирилган. Омбудсман котибияти ходимлари эса фуқароларнинг мурожаатлари ва сўровлари асосида суд мажлисларида
249 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этишган.

Бундан ташқари, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан ҳудудларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Омбудсман номидан давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалар ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосалар киритилишида бевосита иштирок этилган.

Сенаторлар бугунги кунда қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини ижобий кўрсаткич сифатида қайд этишди.

Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар ижобий ечим топаётгани алоҳида эътироф этилди.

Мажлисда сенаторлар томонидан Омбудсманнинг фаолиятини янада такомиллаштириш ва янги механизмларни татбиқ этиш ҳамда хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошларимиз ҳуқуқларини таъминлаш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада кенгайтириш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Мажлис сўнггида кўрилган масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати