Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарёда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” тадбири ташкил этилди
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонуннинг 20 прим 2 моддасида Вакил фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўриши белгиланган.

Қолаверса, Давлат раҳбарининг 2021 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг энг устувор вазифаларидан бири сифатида аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Шу нуқтаи назардан республика бўйлаб аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

2023 йилнинг 21 июль куни Сурхондарё вилояти Ангор тумани “Шарқ  гули” МФЙда жойлашган туман маданият уйида Янги Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари, камбағалликни қисқартириш ҳамда хотин-қизлар ва болаларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимояси масалаларига бағишланган “Омбудсман мактаби” тадбири ўтказилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Омбудсман институти томонидан мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

“Омбудсман мактаби” лойиҳасини амалга оширишдан мақсад –аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар тўғрисидаги хабардорлигини оширишдан иборат. Сабаби фуқаролар ўз ҳуқуқларини яхши билмас эканлар, уларни талаб қила олмайдилар. Натижада қонун бузилиш ёки уни четлаб ўтиш ҳолатлари кўпайиши мумкин.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати

Янгиликлар категориялари