Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар Омбудсмани: болалар ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшаши лозим
Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қизнинг аянчли ўлими барчани чуқур қайғуга солди. Интернет оламидаги муҳокамалар, халқнинг ғазаби ва албатта ёшгина қизалоқнинг нобуд бўлгани мамлакатимизда болалар хавфсизлигини тўлиқ таъминланмаганлигини кўрсатади.

Бу ҳолатда қизча бегона шахс томонидан зўравонликка учраган. Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтожку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз.

Болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам берган бўламиз. Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон 1995 йил 31 августда «1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир факультатив баённома”га қўшилган. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинган ва бу давлатимизнинг халқаро мажбурияти ҳисобланади. Шундай экан, Болалар Омбудсмани болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларга энг оғир жазо тури қўлланилиши ҳамда уларга ҳеч қандай амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмаслиги керак деган позицияда турибти.

Болалар Омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва ўтказган ўрганишлари давомида таклифлар тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборилган. Бундан ташқари, болаларга яратилган шароитларни ўрганиб, аниқлаган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган.

Лекин, шу билан биргаликда, болалар шахсан ўзлари Болалар Омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонлари фаолиятини зудлик билан йўлга қўйиш лозим.

Боғча, мактаб ва бошқа муассасаларда болаларнинг руҳий ҳолатини ўрганадиган мутахассислар сони ва малакасини ошириш керак. Судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва адвокатларнинг бола ҳуқуқлари кафолатлари бўйича ихтисослашувини кучайтиришимиз зарур.

Болаларни ҳам зўравонликка учраганда, оила аъзолари томонидан таҳқирланганда ёки бошқа ҳолатларда имо-ишора билан хабар бериш бўйича кўникмаларини шакллантириш керак.

Аслида бу каби воқеалар бизга болалар ҳимоясини янада мустаҳкамлашга ундаши ва масъулиятимизни янада ошириши, ушбулар орқали, болаларни, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшашини таъминлашимиз керак.

Алия Юнусова

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил